Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш соҳасига 9 ойда 22 689,5 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилган
08:44 / 2023-12-12

Соғлиқни сақлаш соҳаси энг муҳим тармоқлардан бири, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш эса долзарб масалалардан саналади. Шу йил 9 ой давомида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 22 689,5 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 758,7 миллиард сўмга кўп маблағлар ажратилган.

Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳамда иш ҳақига ажратмаларни молиялаштиришга эса 15 466,7 миллиард сўм йўналтирилган.

“Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш харажатларини молиялаштириш учун эса 2023 йилнинг 9 ойида 4,4 миллиард  сўм сарфланган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида қайд этилди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижросини қизғин муҳокама қилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар бир қатор масалаларни ўртага ташлади. Хусусан,  давлат бюджетидан таълим кредитлари учун кўплаб маблағлар йўналтирилаётгани, аммо талабалар таълим кредитларини олишда айрим муаммоларга дуч келаётгани таъкидланди. Мазкур масала юзасидан тегишли вазирлик масъуллари атрофлича тушунтиришлар берди.

Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Божхона ва Солиқ кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.  

Қайд этилганидек, чегара ўтказиш пунктларида автотранспортлар ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назopaт тартиботларини соддалаштириш, республикага кириб келаётган ва транзит ўтаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишни енгиллаштириш бугун жуда муҳим. Чунки автотранспорт воситаларидан чегара постларида йиғимларни ундириш жараёни кўшимча вақт талаб этиб, тирбандликлар ва ортиқча тўсиқларга олиб келмоқда.

Шу боис, қонун лойиҳаси билан  чегарада ундирилиши белгиланган йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш имконияти яратилмоқда. Бу эса мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА