English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш соҳасига 2,8 триллион сўм кўп маблағ ажратилган
10:50 / 2025-09-05

Президентимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига кўра, аввал жиноят содир этган ва жазога тортилган 523 нафар шахс афв этилди. Уларнинг айримларининг жазо муддати қисқарган бўлса, айримларининг жазо тури енгилроғига алмаштирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида даставвал ушбу ҳужжатнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти муҳокама қилинди. Депутатлар мазкур ҳужжат нафақат авф этилган фуқароларнинг ҳаётида, балки уларнинг оиласи, фарзандлари ва бутун жамият учун катта маънавий аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Ушбу инсонпарварликка қаратилган ҳужжат партия Сайловолди дастурида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлаш борасидаги дастурий вазифаларга ҳамоҳанг экани таъкидланди.  

Шунингдек, йиғилишда Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Депутатлар партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, тиббий хизматлар, таълим сифати, суд-ҳуқуқ масалаларида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши масаласига эътибор қаратди.  

Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 19,4 триллион сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 триллион сўмга кўп маблағлар ажратилгани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, ҳисоботда Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2025 йил учун Давлат бюджети орқали ажратилган маблағлар ишлатилмай қолганининг сабаблари билан қизиқдилар.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА