English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш соҳасида устувор вазифалар белгилаб олинди
17:40 / 2025-01-31

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида соҳада бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Вазир Асилбек Худоёров 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбари биз, соҳа масъуллари олдига катта вазифаларни қўйган, – деди А.Худоёров. – Буни амалга оширишда тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг виждони уйғоқ, ташаббускор ва шахсий масъулияти юқори бўлиши зарур. Соҳага қаратилаётган эътибор ҳамда бизга билдирилган юксак ишончни оқлаш мақсадида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича 2025 йил учун қатор режа ва марраларни белгилаб олдик. Эндиликда тизимдаги ҳар бир мансабдор пастга тушиб, қуйи бўғиндаги муассасаларда бўлиб, аввало, ҳудудларнинг ўзида мавжуд вазиятни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилади.

Касалликлар профилактикаси ва уларни эрта аниқлаш, тиббиёт муассасаларидаги мавжуд ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш ва соҳадаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш каби қатор масалалар танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, моддий-техник таъминот, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, соҳани рақамлаштириш, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, оналик ва болалик муҳофазаси бўйича бажарилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Йиғилиш сўнгида пастга тушган ҳолда бирламчи бўғин фаолиятини янада ривожлантириш, патронаж хизматини халққа яқинлаштириш, хавфли касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА