Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш – муҳим вазифа
17:42 / 2025-11-06

Қиш фасли яқинлашгани сайин соғлиқни сақлаш муассасаларида тайёргарлик ишлари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу мавсумда ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамоллаш ва вирусли касалликлар авж олиши тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжни кескин оширади. Шу боис, ҳар бир шифохона, поликлиника ва тез тиббий ёрдам хизмати зиммасига катта масъулият юкланади.

Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш – фақат иситиш тизимларини янгилаш ёки дори-дармон захираларини кўпайтириш билан чекланмайди. Бу, аввало, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт ходимларининг тайёргарлик даражасини ошириш ва эҳтимолий эпидемик ҳолатларга олдиндан тайёр туриш демакдир. Шу йўсинда амалга оширилаётган чора-тадбирлар қишнинг совуқ кунларида ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ишлашини таъминлайди.

Тиббиёт муассасаларидаги иситиш тизимларининг тўлиқ кўрикдан ўтказилиши, электр ва сув таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида захира генераторлар ҳамда техник воситаларнинг тайёр ҳолатга келтирилиши, шу билан бирга, шамоллаш ва вирусли касалликлар кўпайиши эҳтимолига қараб дори-дармон ҳамда тиббий воситалар захираси янгиланиши мавсумий тайёргарлик доирасидаги муҳим ишлардандир.  

Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш, бу орқали уларнинг мавсумий касалликларни барвақт аниқлаш, аҳолига тўғри тавсиялар бериш ва тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёров раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам тизимда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги вазифалар таҳлилий-танқидий кўриб чиқилди.

Видеоконференц-алоқа шаклидаги йиғилишда вазирлик марказий аппарати ходимлари, ихтисослашган марказлар, республика даволаш муассасалари ва тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари масъуллари қатнашди.  

Қайд этилганидек, вазирлик тасарруфидаги тиббиёт муассасаларини жорий куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида жами 44,1 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, вазифа тўлиқ бажарилган.

Йил давомида 66 та тиббиёт муассасасини мукаммал ҳамда 107 тасини жорий таъмирлаш режа қилинган. Мукаммал таъмирлаш 97 фоиз, жорий таъмирлаш эса 100 фоизга етказилган.

Ўрганишлар жараёнида айрим соғлиқни сақлаш объектларида муайян хато ва камчиликлар аниқланди. Баъзи оилавий шифокор пунктларида иситиш қозонлари ёки радиатор ҳамда қувурлар ўрнатилмаган. Ташқи иситиш тизимлари изоляция қилинмаган, ўт ўчириш воситалари носоз ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Шунингдек, йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида амалга оширилган ишлар ҳамда кузга мўлжалланган вазифалар кўриб чиқилди.

Якунда аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиб, куз-қиш мавсумини рисоладагидек ўтказиш юзасидан масъулларга қатъий топшириқлар берилди, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумида аҳоли иммунитетини мустаҳкамлаш энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда тўғри овқатланиш, витаминларга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш ва ташқи муҳит шароитига мос кийиниш тавсия этилади. Шунингдек, грипп ва ўхшаш вирусли касалликларга қарши эмланиш ҳам саломатликни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Тиббиёт ходимларининг зиммасига эса аҳолини хабардор қилиш, профилактика тадбирларини кучайтириш ва зарурат туғилганда тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилган. Бу вазифалар самарали бажарилса, қиш фасли қанчалик совуқ бўлмасин, мавсум беталафот ўтиб, соғлом ҳаёт тарзи сақланиб қолади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА