Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш фақат даволаш тизими эмас, балки аҳоли фаровонлиги ва миллий тараққиёт омили
14:58 / 2025-12-24

Муносабат

Юртимиздаги бугунги ислоҳотлар соғлиқни сақлашни фақат даволаш тизими эмас, балки аҳоли фаровонлиги ва миллий тараққиётнинг стратегик омили сифатида шакллантирмоқда.

Таҳлилларга кўра, охирги йилларда тиббиётга жами 230 триллион сўм маблағ йўналтирилгани соҳадаги ислоҳотларнинг молиявий жиҳатдан мустаҳкам эканини кўрсатади. Мазкур маблағлар ҳисобидан ҳудудларда 187 та янги поликлиника ва шифохона барпо этилди, 1 минг 244 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилиниб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Бу ўзгаришлар натижасида бирламчи тиббий муассасалар қуввати 60 фоизга ошди, тиббий хизмат аҳолига янада яқинлашди. Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Бу ҳолат касалликларни эрта аниқлаш ва асоратларни камайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Энг муҳим ютуқлардан бири илгари асосан пойтахтда амалга оширилган 400 дан ортиқ юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларининг ҳудудларда жорий этилганидир. Бугун юзлаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоят марказларида, кам инвазив операциялар эса туман даражасида муваффақиятли бажарилмоқда. Бу эса аҳолининг вақти ва иқтисодий харажатларини тежаб, ўз ҳудудида яқинлари даврасида даволаниш имкони беряпти.

Айниқса, 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётининг йўлга қўйилиши тиббиёт тарихидаги муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда. Бу нафақат минглаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш, балки тиббий хизматлар географиясидаги тенгсизликни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Тиббиётдаги ўзгаришларни бугун миллионлаб фуқаролар ўз ҳаётида бевосита ҳис этмоқда. Халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлари эътироф этилаётгани ҳам амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг тўғри йўналишда эканини тасдиқлайди. 

Энг муҳими, тиббий хизмат сифатининг ошиши, даволаш муддатларининг қисқариши, ортиқча харажатларнинг камайиши аҳолида давлат тиббиёт тизимига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигининг асосий омили малакали кадрлар экани барчага аён. Шу нуқтаи назардан, тиббиёт таълимида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, учта олий таълим муассасаси негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди, Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 8 та тиббиёт олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтди.

Тошкент давлат тиббиёт университетида инфратузилманинг яхшиланиши натижасида талабалар сони 29 минг 864 нафарга етди. Таълим жараёнлари халқаро стандартлар асосида модернизация қилиниб, рақамлаштириш фаол жорий этилмоқда. Симуляцион марказлар, сунъий интеллектга асосланган ўқув лабораториялари ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасалари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди, ягона рақамли инфратузилма шакллантирилди.

2024–2025 йилларда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси локал тармоққа уланди, минглаб компьютерлар билан техник база янгиланди. DMED ягона электрон ахборот тизими орқали 36 миллион нафардан ортиқ фуқароларнинг тиббий маълумотлари ягона базага жамланди.

Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув жорий этилиб, чақириқларга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқартирилди. Яқин истиқболда “Online-шифокор” хизмати жорий этилиши аҳолига масофадан туриб тиббий маслаҳат олиш имконини беради.

Яқинда “Электрон рецепт” тизими жорий этилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг қамрови ва самарадорлиги билан минтақадаги илғор тажрибалардан бирига айланмоқда. 

Инфратузилмани янгилаш, юқори технологияли тиббий хизматларни ҳудудларга олиб чиқиш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳақиқий қадрият сифатида эътироф этилаётганини кўрсатади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу ислоҳотлар ҳар бир тиббиёт ходими фаолиятига, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оила ҳаётига етиб боргандагина ўз самарасини беради. Бу эса барчамиздан алоҳида масъулият ва ёндашувни талаб этади.

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.

ЎзА