Янги Ўзбекистон сиёсатининг бош мақсади халқни рози қилиш экан, бу аввало сўнгги йилларда тиббиёт соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотларда яққол кўзга ташланади. Халқимиз саломатлигини асраш, мустаҳкамлаш учун ҳар қанча маблағ, чексиз имкониятлар сафарбар қилинмоқда.
Бунинг исботи қуйидаги рақам ва маълумотларда ҳам ўз аксини топган: сўнгги 7 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 карра ошиб, жорий йилда 42 триллион сўмга етди. Маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган комплекс тизим яратилди. Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ўтказилмоқда. Биргина буйрак кўчириш амалиёти кунига иккитадан бажарилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар 10 минг аҳолига 27 нафар шифокор тўғри келади. Бу АҚШ, Буюк Британия, Финляндия билан бир хил кўрсаткич. Туркия ва Канадада эса бу рақамлар 1,5 баравар кам. Лекин самарадорлик, даволаш сифати ҳақида мақтана олмаймиз.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 май куни тиббий хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бизда тиббиёт ходимлари сонида, молиялаштиришда муаммо йўқлиги, лекин самарадорлик камлиги, сифатда эътирозлар кўплиги алоҳида таъкидланди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликлар иқтисодиётимизга ҳар йили 1 миллиард доллар зарар келтирар экан. Тез ёрдамдаги жами чақирувларнинг тўртдан бири сурункали касалликлари бор беморларга тўғри келмоқда. Баъзи жойларда тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган. Вилоят ва туман шифохоналарида ходимлар сони, ўринлар, маблағлар тўғри тақсимланмаган. “Тиббий суғурта” тизимини жорий қилиш йилдан йилга сурилиб келяпти. Навбат ва хизматларни рақамлаштириш ҳам тўлиқ ишга тушгани йўқ. Соҳа ходимлари билими ва даволаш сифати ҳам талаб даражасида эмас.
Юртимизда самарадорлиги исботланмаган дорилар импорти улуши 42 фоизга етганини эътиборга олсак, дори истеъмолини тартибга солиш ҳам ҳамон долзарблигича қолмоқда. Сўнгги етти йилда тиббиёт йўналишларига қабул кўпайиб, йилига 25 минг талаба ўқишга киряпти. Уларнинг 40 фоизи хусусий олийгоҳларда ўқимоқда. Лекин соҳада билим ва кўникмаларни баҳоловчи шаффоф тизим йўқ.
Видеоселектор йиғилишида айнан юқоридаги каби масалалар муҳокама қилиниб, инкор этиб бўлмайдиган мисоллар асосида танқидий таҳлил қилинди. Сусткашликка йўл қўйгани масъуллар ишдан олинди, огоҳлантирилди. Давлат раҳбари томонидан тизим учун ажратилаётган маблағларни тўғри ишлатиш, рақамлаштириш ва суғуртани жорий этиш, тартиб-интизом ўрнатиб, одамларни рози қилиш бўйича топшириқлар берилди, таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Дарҳақиқат, доно халқимиз бежиз “Соғлик – туман бойлик” деб таъкидламаганлар. Инсон яралибдики, доим соғлигига эътибор қаратган, касал бўлмасликка, саломат юришга ҳаракат қилган. Чунки дунёда саломатликдан улуғ неъмат йўқ. Бебаҳо бойлик – соғлигингиз бўлмаса, на еб-ичарингизда, на ётиб-туришингизда маъно-мазмун қолади, на фароғат, на ҳашамат татийди. Бахтимиз тўкислиги ҳам саломатлигимиз билан боғлиқ. Лекин ўз соғлигимизга ўзимиз масъул бўлолмаяпмиз. Соғлом юриш учун оддий талаблар – кўпроқ ҳаракатда бўлиш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, тўғри овқатланиш меъёрларга амал қилишимиз лозим. Лекин биз ҳар куни, ҳар дақиқада бунинг аксини қиламиз, гўёки соғлигимиз ўзимизга эмас, бошқаларга керакдек.
Тиббиёт асосчиси бўлган буюк бобомиз Абу Али ибн Сино бежиз таъкидламаганлар: бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро ҳаракатсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади.
Абдулҳаким ЭШБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати