Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби 2026 йил мавсумига оддий тайёргарлик билан эмас, балки аниқ стратегия ва юқори мақсадлар билан кириб келмоқда.
Жамоа жорий йилнинг 10 январидан қишки йиғинларни бошлади ва тайёргарлик жараёни клубнинг янги мавсумдаги мақсадларини яққол намоён этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Суперлигасида барқарор ўйини билан эътибор қозониб келаётган “Сўғдиёна” бу мавсум мухлислар олдида шунчаки иштирокчи эмас, балки юқори ўринлар учун кураш олиб борадиган жамоа сифатида намоён бўлишни кўзламоқда. Бу йўлда жисмоний тайёргарликни ошириш, тактик имкониятларни кенгайтириш, таркибда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва энг муҳими — жамоа руҳини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Қишки йиғинларнинг икки босқичда ўтказилаётгани ҳам бу мақсадларнинг жиддийлигидан далолат беради. Илк босқич 10–20 январь кунлари Жиззах шаҳрида ўтказилмоқда. Унда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш ҳамда мавсум давомида талаб этиладиган юкламаларга тайёрлашга қаратилаётир. Ушбу босқич “Сўғдиёна” учун мавсум олдидан мустаҳкам пойдевор вазифасини бажариши шубҳасиз.

Навбатдаги йиғинлар доирасида Иван Бошкович бошчилигидаги мураббийлар штаби жамоа салоҳиятини халқаро рақиблар қаршисида Туркиянинг Анталия шаҳрида синовдан ўтказишни режалаштирган. У ерда жамоа 23 январда Сербиянинг “Спартак Суботица”, 29 январда Шимолий Македониянинг “Силекс”, 1 февралда Россиянинг “Челябинск”, 4 февралда Қозоғистоннинг “Алтай”, 10 февралда Грузиянинг “Рустави”, 13 февралда Россиянинг “ПАРИ”, 16 февралда Грузиянинг “Динамо Батуми” ва 19 февралда Россиянинг “Факел” жамоаларига қарши майдонга тушиши режалаштирилган.
Бу беллашувлар “Сўғдиёна” учун шунчаки ўртоқлик ўйинлари эмас, балки янги мавсум олдидан ўйин тизимини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга жиддий синовлар ҳисобланади. Назорат учрашувлари орқали мураббийлар штаби жамоанинг тактик қурилишини такомиллаштириш ва футболчиларни мусобақа ритмига босқичма-босқич олиб киришни мақсад қилган.

Сўнгги йилларда жамоани черногориялик мутахассис Иван Бошкович ишонч билан бошқариб келмоқда. 1982 йил 1 январда Черногорияда туғилган бош мураббий 2023 йилдан буён “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида фаолият юритиб, жамоани янги босқичга олиб чиқишга интилиб келмоқда.
Қишки трансфер ойнасида ҳам клуб фаол ҳаракат қилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, сербиялик тажрибали ҳужумчи Фейсал Мулич билан шартнома имзоланди. Франция, Исроил, Хорватия ва Жанубий Корея чемпионатларида тўп сурган футболчининг тажрибаси ва гол уриш маҳорати жамоа ҳужум чизиғини сезиларли даражада кучайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, черногориялик тажрибали футболчи Александар Болжевич билан ҳам келишувга эришилди. У фаолияти давомида “Зета” (Черногория), ПСВ (Нидерландия), “Эйпен” (Белгия), АПОЭЛ (Кипр) ҳамда “Железничар” (Босния ва Герцеговина) жамоалари таркибида тўп сурган. Болжевич Черногория миллий терма жамоаси сафида 26 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол муаллифи бўлган. Футболчининг барқарор ўйини жамоага катта фойда келтиришига умид билдирилмоқда.

Бундан ташқари, сербиялик дарвозабон Никола Миркович ҳам жамоа сафига қўшилди. Европа клубларида катта тажриба орттирган посбоннинг келиши “Сўғдиёна” дарвозасини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда, бир вақтлар жамоа шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Милан Митрович билан клуб дўстона тарзда хайрлашди. Унинг кўп йиллик меҳнати ва ҳал қилувчи ўйинлардаги ишончли ҳаракатлари жиззахлик мухлислар хотирасида анчагача сақланиб қолса керак.
2025 йил мавсуми якунлари ҳам жамоа учун ижобий баҳоланди. Хусусан, “Сўғдиёна”нинг македониялик легионери Люпчо Дориев Ўзбекистон Суперлигасида “Йилнинг энг яхши легионери” деб эътироф этилди. У мавсум давомида 30 та ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол ва 9 та голли узатма билан жамоа муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшди.
Шу билан бирга, клуб “Бунёдкор”дан ҳимоячи Абдулазиз Абдурашидов, ярим ҳимоячилар Тоҳир Тўхтасинов ҳамда Оллоберган Каримовни, “Андижон”дан эса ҳужумчи Отабек Жўрақўзиевни ўз сафига қўшиб олди.
Ўтган мавсум “Сўғдиёна” шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Шоҳруҳ Исоқов, ҳимоячилар Ислом Қобилов, Зоир Жўрабоев ҳамда ярим ҳимоячи Суҳроб Иззатов билан шартномалар 2026 йил охирига қадар узайтирилди. Ёш ҳимоячи Отабек Аҳадов билан тузилган келишув эса 2027 йил 31 декабрга қадар амал қилади. Умуман олганда, жамоанинг ўтган мавсумдаги таркиби деярли сақлаб қолинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Сўғдиёна” 2026 йил мавсумига тасодифий қарорлар билан эмас, балки пухта режа, аниқ мақсад ва мувозанатли селекция асосида тайёргарлик кўрмоқда. Анталиядаги йиғинлар, халқаро назорат учрашувлари ва таркибдаги барқарорлик жамоанинг янги мавсумда Суперлигада янада юқори поғоналар учун кураш олиб боришига асосли умид уйғотади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА