Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сўғдиёна-Woman” пешқадамлар сафида, аммо...
17:01 / 2024-04-15

Футбол бўйича аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати олий лигасида навбатдаги 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Ушбу турнинг марказий учрашуви мақомини олишга даъвогар бўлган Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” хотин-қизлар клуби ҳамда Навоийнинг “Қизилқум-Woman” аёллар жамоаси ўртасидаги ўйин Жиззах футбол маҳорат мактаби стадионида ўтказилди. 

Ўйин кутилганидек, майдон эгаларининг ҳужумлари билан бошланди. Бу устунлик учрашувнинг 7-дақиқасида ҳисобда ўз аксини топди. Жиззахлик Руҳшона Саидаббосова “Қизилқум-W” жамоаси дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни очди – 1:0.

Аммо ана шу голдан сўнг “Сўғдиёна-W” қизларида иштиёқ сезиларли даражада сусайиб кетди ва аксинча Навоий шаҳридан келган аёллар жорий чемпионатда очко улашувчи ролида иштирок этмаётганликларини намойиш этиб, ўтган 2 турдан буён мағлубиятга учрамай келаётгани бежизга эмаслигини астойдил исботлашга ҳаракат қилди. Фақат тажрибанинг камлиги ва мезбон дарвозабонининг маҳорати “Қизилқум-W” клуби футболчи қизларининг гол киритишига имкон бермади.

Марказий учрашув мақомига хос равишда, деярли тенг курашлар остида ўтган баҳснинг 83-дақиқасига келибгина “Сўғдиёна-W” ва чемпионатимиз тўпурари Диёрахон Ҳабибуллаева 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб ўртадаги фарқни 2 тага етказди. “Сўғдиёна-W” – “Қзилқум-W” якуний натижа 2:0. 

...Бир қараганда “Сўғдиёна-W” уч учрашувда 3 та ғалабага эришди, пешқадамлар сафида бормоқда, аммо айнан ана шу “Қизилқум-W” клуби қизларига қарши учрашув, оддий журналист ва мухлис сифатида Ўзбекистоннинг ўтган мавсумдаги вице-чемпионига ва жорий чемпионатимиз ғолиблигига даъвогар жамоасига хос ўйин намойиш эта олмади, деб бемалол айтиш мумкин. 

Назаримда, “Сўғдиёна-W” Қашқадарё вилоятининг “Севинч-W” аёллар жамоасига қарши кечган Ўзбекистон супер кубоги баҳсидаги мағлубиятидан сўнг уларнинг ўйинида ҳам, футболчиларида ҳам қандайдир руҳий тушкунлик кайфияти ҳукмронга ўхшайди. 

Жиззахнинг аёллар жамоаси меҳмон жамоага қарши кечган баҳсда хавфли вазиятларни ташкил этишда оқсади, энг ёмони ижросига келганда ўта суст ҳаракат қилди. Ана шу вазиятларни голга айлантиришда “Сўғдиёна-W” аёллар жамоаси бош мураббийи ишларни етарли даражада олиб бормаган кўринади. 

“Сўғдиёна-W” ҳозир гарчанд турнир жадвали карвонбошилари билан бир хил очко жамғариб, етакчилар қаторида бораётган бўлса-да, Қаршининг “Севинч-W” ҳамда Олмалиқнинг “ОКМК-W” клубларига нисбатан голларни кам киритишгани ва улардан кўпроқ гол ўтказиб юборишгани сўзимнинг исботи бўлса керак. 

ОКМК 3 тур давомида рақибалари дарвозасини 17 маротаба ишғол этиб, ўз дарвозасидан бор-йўғи 1 та гол ўтказиб юборган ва бу тўплар нисбатига кўра +16 ни ташкил этади. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва чемпионатимиз пешқадами “Севинч-W” хотин-қизларининг кўрсатгичи эса барчаникидан яхшироқ. Қаршилик аёллар рақибалари дарвозасига 27 та гол киритган ҳолда ўз дарвозаларидан ҳали бирорта ҳам гол ўтказиб юборганлари йўқ, яъни тўплар нисбати +27! 

Жиззахлик аёллар гарчанд рақибалари дарвозасига 16 та гол киритган бўлсада, ўз дарвозаларидан уч учрашувда 4 та гол ўтказиб юборишди. Тўғри, жиззахликлар уч учрашувда зафар қучди, пешқадамлар сафида ва бу унчалик ҳам ёмон кўрсатгич эмас. Аммо чемпионликни мақсад қилган жамоа учун буни яхши натижа деб ҳам бўлмайди-да. 

Шерали Бобоқулов ўз шогирдлар ўйини, тактика ва техникаси ва, асосийси, руҳий ҳолати устида жиддийроқ ишламаса, бу йил ҳам чемпионлик армон бўлиб қолаверади. 

Халқимизда, жўжани кузда санайдилар, деган доно нақл бор. Лекин бугун эришилган ҳар бир очко, урилган ҳар бир гол кузга бориб муҳим аҳамиятга эга бўлиши, шубҳасиз. “Сўғдиёна-W” хотин-қизлар клуби раҳбарияти суюкли жамоаси мамлакат чемпиони бўлишини мақсад қилган бўлса, якуний хулосалар устида бугунданоқ жиддийроқ ўйлаб кўришлари шарт. Эрта эса кеч бўлиши аниқ.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг бир неча карра чемпионлигини қўлга киритган Тошкентнинг “Пахтакор”, Фарғонанинг “Нефтчи”, пойтахтнинг “Бунёдкор” ва Наманганнинг “Навбаҳор” (эркаклар) профессионал футбол клублари раҳбарияти ўзларининг худди шу ном остида майдонга тушаётган аёллар жамоалари ҳақида, менимча умуман ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Шундай номдор жамоаларнинг хотин-қиз клублари 0:5, 0:7 ва ҳатто 0:10 ва ҳоказо фантастик ҳисобларда мағлуб бўлиб, доимий равишда энг пастки ўринларда юраверсаю бунга қарши ҳеч бир чора кўрилмаса, бу жуда ҳам ажабланарли ҳолат эмасми?

Чемпионатда уч учрашувдан учаласини ҳам ғалаба билан якунлаб, 9 тадан очко жамғарган “Севинч-W”, ОКМК-W ҳамда “Сўғдиёна-W” хотин-қизлар клублари пешқадамлик қилмоқда. 

Жадвални ҳали бирорта ҳам очко жамғара олмаган Тошкентнинг “Пахтакор-W” аёллар жамоаси эса “аутсайдер” сифатида энг сўнги поғонани ҳеч кимга “бермай” банд этиб келмоқда. 

№ Клублар (хотин-қиз) Ў Ғ Д М Т/н О

1. “Севинч-W” (Қарши) 3 3 0 0 27-0 9

2. ОКМК-W” (Олмалиқ) 3 3 0 0 17-1 9

3. “Сўғдиёна-W” (Жиззах) 3 3 0 0 16-4 9

4. “Локомотив-W” (Тошкент) 3 2 0 1 8-7 6

5. “Бухоро-W” (Бухоро) 3 1 0 2 6-14 3

6. “Навбаҳор-W” (Наманган) 3 1 0 2 4-19 3

7. “Қизилқум-W” (Навоий) 3 0 2 1 1-3 2

8. “Бунёдкор-W” (Тошкент) 3 0 1 2 2-8 1

9. “Нефтчи-W” (Фарғона) 3 0 1 2 0-14 1

10. “Пахтакор-W” (Тошкент) 3 0 0 3 5-16 0

А.Қаюмов, ЎзА мухбири