“Сўғдиёна-Woman” кейинги босқичга йўл олди
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатининг ғарбий минтақа вакиллари – Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” ҳамда Эроннинг “Бам хатун” хотин-қизлар клублари финал йўлланмаси учун майдонга тушди.
Илк баҳсда “Сўғдиёна-W” форс ўлкаси чемпиони “Бам хатун” клуби билан 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган эди. Ўшанда учрашувнинг 20-дақиқасида жиззахлик Диёра Ҳабибуллаева ҳисобни очган бўлса, баҳснинг 57-дақиқасига келиб, Заҳра Гҳанбари ўртадаги фарқни йўққа чиқарганди – 1:1.
Иккинчи ўйинда Эроннинг “Бам хатун” хотин-қизлар клуби 1:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувнинг 32-дақиқасида жиззахликларга ғалаба келтирган ягона голга Шаҳноза Қурбонова муаллифлик қилди.
Ушбу ғалаба илк бор халқаро турнирда иштирок этган “Сўғдиёна-W” аёллар жамоасини нафақат клуб тарихида, балки, ўзбек аёллар футболи тарихида ҳам Осиё чемпионати финалига Ғарб минтақасидан бериладиган ягона йўлланма соҳибига айлантирди.
Энди жиззахликлар Таиланднинг “Чонбури” (Осиё толиблари коллежи) клуби аёллар жамоасига қарши клублар ўртасидаги Осиё чемпионини аниқлаш учун майдонга тушади. “Сўғдиёна-W” ва Осиё толиблари ўртасидаги финал учрашуви жорий йил 21 октябрь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, ОФК аёллар клублари ўртасида чемпионатда ўтган 2021 йилда Тошкентнинг “Бунёдкор-W” хотин-қизлар клуби иштирок этиб, Иорданиядаги 4 та жамоа орасида тўртинчи ўринни қўлга киритган эди.
А.Қаюмов, ЎзА