Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сўғдиёна-W” “Металлург-W”ни доғда қолдирди – 8:0
08:49 / 2022-08-19

Футбол бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати олий лигаси жамоалари ўртасидаги 14-тур ўйинлари ниҳоясига етди.

Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби – Жиззахнинг “Сўғдиёна-Woman” аёллар футбол клуби ўз майдонида Бекобод шаҳрининг “Металлург-Woman” жамоасини қабул қилди.

Ўйин “Сўғдиёна-W” клуби устунлигида ўтди. Унда Ўзбекистон чемпионати тўпурари Диёра Ҳабибуллаева ҳамда Зарина Маматкаримованинг ҳар бири “Металлург-W” жамоаси дарвозасига 3 тадан гол киритиб – “хет-трик” қайд этган бўлса, Дилдора Эргашева ва Шаҳризода Зайниддинова 1 тадан гол муаллифи бўлди. “Сўғдиёна-W” – “Металлург-W” якуний ҳисоб – 8:0.

Ушбу турдаги Олмалиқда ўтган баҳсда АГМК-W Наманганнинг “Навбаҳор-W” жамоасини худди шундай – 8:0 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Қаршида бундан-да йирик ҳисоб қайд этилди. Маҳаллий “Севинч-W” хотин-қизлар футбол жамоаси Тошкентнинг “Локомотив-W” клубини 12:1 ҳисобида енгди.

Шунингдек, ушбу турдан ўрин олган “Пахтакор-W” (Тошкент) – “Қизилқум-W” (Навоий) – 4:1, “Нефтчи-W” (Фарғона) – “Бунёдкор-W” (Тошкент) – 0:5 ҳисоблари қайд этилди.

Аёллар ўртасидаги миллий чемпионатда Қашқадарё вилоятининг “Севинч-W” жамоаси 38 очко жамғарган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. 2-поғонада бораётган “Бунёдкор-W”да 37, 3-ўринни эгаллаб турган “Сўғдиёна-W”да 35 очко бор.

Маълумот учун, Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” жамоаси Қарши шаҳрида ўтказилиши белгиланган аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати Ғарб минтақаси баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Унда юртимизнинг амалдаги чемпиони – “Сўғдиёна-W” жамоаси Ҳиндистоннинг “Гокулам Керала-W” ҳамда Эроннинг “Бам Хатун-W” клублари билан куч синашиши лозим эди. Лекин ОФК (Осиё футбол конфедерацияси) Ҳиндистоннинг барча футбол клубларини Осиё ва халқаро миқёсдаги баҳсларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани сабаб, жиззахлик қизлар Эроннинг “Бам Хатун-W” жамоаси билан кейинги босқичга чиқиш масаласини ўзаро – 2 ўйин натижасига кўра ҳал қилади. Ҳар иккала баҳс жорий йил 20 ва 23 август кунлари Қарши шаҳридаги марказий стадионда бўлиб ўтади.

Ушбу баҳсларда “Сўғдиёна-W” клуби ҳам халқаро майдонларда худди Жиззахнинг асосий “Сўғдиёна” (эркаклар) жамоаси сингари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

А.Қаюмов, ЎзА