Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сўғдиёна” ўз майдонида яна қимматли очколарни йўқотди
09:28 / 2024-09-21

Шу кунларда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида навбатдаги 19-турдан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтмоқда. Куни кеча ушбу тур доирасида Жиззахда “Сўғдиёна” клуби Андижоннинг “Андижон” жамоасини қабул қилди.

Учрашув кутилганидек кескин ва муросасиз қарама-қарши ҳужумлар билан бошланди. Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмига яқинлашгач, майдон эгалари меҳмонлар жарима майдончаси яқинида босимни кучайтириб, ҳужумлари сонини ва сифатини оширди. Ана шу босим ўйиннинг 24-дақиқасига келиб ўз самарасини берди. “Сўғдиёна”нинг македониялик легионери Люпче Дориевнинг узатган тўпини жиззахликларнинг 19 ёшли баланд бўйли ҳужумчиси Самандаржон Мавлонқулов боши билан меҳмонлар дарвозасига жойлаб қўйди – 1:0.

Голдан руҳланган майдон эгалари меҳмонлар дарвозасини ишғол этиш учун яна бир неча бор қулай вазиятларни юзага келтирди, аммо андижонликлар посбони Элдор Адҳамов нафақат биринчи бўлимда, балки бутун ўйин давомида дарвозасидан бошқа гол ўтишига йўл қўймади. Шундай қилиб жамоалар 1:0 ҳисобида танаффусга чиқиб кетди.

Танаффусдан “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков унумли фойдаланиб, ўз шогирдларига керакли кўрсатмаларни берганлиги ўйиннинг иккинчи бўлими бошланиши биланоқ яққол сезилди. Иккинчи бўлимда жиззахликларга қараганда меҳмонларнинг ҳужумлари кўпроқ хавфли тус ола бошлади ва учрашувнинг 55-дақиқасига бориб, бу ўз натижасини кўрсатди. Рустам Турдимуродовнинг жамоадоши Фарҳод Соҳибжонов узатган тўпни дарвозадан 17 метрлар чамаси олисликдан йўллаган кучли зарбаси ўртадаги фарқни йўққа чиқарди – 1:1.

Иккинчи бўлимни қарши ҳужумлар билан давом эттирган “Андижон” ушбу учрашувда ғалаба қозониб кетиши ҳам мумкин эди. Ўйин охирлаганда тезкор қарши ҳужумдан сўнг тўп бир бор дарвоза устунига, иккинчи марта тўсинига тегиб қайтди ва майдон эгаларини яққол мағлубиятдан қутқариб қолди. Водийлик футболчилар ва уларнинг камсонлик бўлсада, Жиззахга етиб келган мухлислари Андижонга ажойиб ғалаба билан қайтишлари ҳам мумкин эди, аммо уларга озгина омад етишмади.

Холис мухлис сифатида фикр билдирадиган бўлсак, Иван Бошкович шогирдларининг иккинчи бўлимда намойиш этган ўйини  нафақат чемпионликка даъвогар, балки медалли ўринлар учун курашадиган жамоаникига ҳам ўхшаб кўринмади. Ким билсин, балки жамоа ички муҳитида қандайдир муаммолар юзага келгандир, бу бизга қоронғу. Аммо “Сўғдиёна” ўз майдонида яна очко йўқотди.  

Бу муваффақиятсизликни мезбонлар бош мураббийи ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қуйидагича изоҳлади: “Ғалабага эришиш учун футболни юракдан ўйнаш керак, ёш болаларча йўл қўйилган хатолар футболда кечирилмайди, қимматга тушади. Ҳар қандай эҳтимолий вазиятга тайёр турган ҳолда ирода кўрсатиш керак. Мен хоҳлаган футбол бугунги ўйинимизда кўринмади. Рақиб яхши ҳимояланди ва қарши ҳужумда хавфли ўйнади. Бизда голли вазиятлар етарлича эди, якуний зарбаларга аниқлик етишмади. Рақиб дарвозаси ишғол этилгандан сўнг фаолликни янада оширишимиз лозим эди,” деди Иван Бошкович.

Шундай қилиб, “Сўғдиёна” – “Андижон” якуний натижаси – 1:1.

Ушбу турдан ўрин олган Фарғонанинг “Нефтчи” ва Навоийнинг “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, Тошкентда “Локомотив” Наманганнинг “Навбаҳор” клубига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун Тошкентда “Олимпик” Самарқанднинг “Динамо”сини қабул қилса, эртага “Сурхон” (Термиз) ва “Бунёдкор” (Тошкент) жамоалари ҳам пойтахтда ушбу тур доирасида куч синашади.

19-турнинг марказий учрашуви мақомига эга баҳс 23 сентябрь куни Қаршида “Насаф” ҳамда Олмалиқнинг ОКМК жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.  

А.Қаюмов, ЎзА