Жиззах шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасининг 25-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” ва Термизнинг “Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашув кескин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтди.
Ўйин Жиззах жамоасининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Баҳснинг 2-дақиқасидаёқ жиззахликлар легионери Рубин Хебай мезбонларни олдинга олиб чиқди. Тезкор гол “Сурхон” футболчиларини сал бўлсада саросимага солиб қўйди, улар ҳимоясида хатолар юз бера бошлади. “Сўғдиёна” эса бу ҳолатдан фойдаланишга ҳаракат қилди.

11-дақиқада Жавоҳир Қаҳрамоновнинг аниқ узатмасидан сўнг, македониялик легионер Люпчо Дориев рақиб ҳимоячиларининг хатосидан фойдаланиб, ҳисобни 2:0 га етказди. Мазкур тезкор голлар “Сурхон” аҳволини янада қийинлаштирди.

Биринчи бўлим мезбонлар устунлигида ўтди. Рубин Хебай, Жасур Жалолиддинов, Станислав Андреев, Жавоҳир Қаҳрамонов ва бошқалар яна бир қанча имкониятлар яратишди. Бироқ меҳмонлар дарвозабони Дилшод Йўлдошев бир неча бор жамоасини қутқарди ва натижада биринчи бўлимда ҳисоб ўзгармасдан қолди.
Иккинчи бўлимда ўйин янада кескинлашди. “Сурхон” мураббийи Февзи Давлетовдан керакли кўрсатмаларни олган футболчилар ҳисобни қисқартириш учун бир неча ҳужумлар уюштиришди. Аммо “Сўғдиёна”нинг қарши ҳужумлари ҳам хавфли кўриниш олди. Бир неча бор майдон эгалари меҳмонлар дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқишди, аммо улардан унумли фойдаланишолмади.

72-дақиқада “Сўғдиёна” ярим ҳимоячиси Хондамир Мустафоқулов иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди. Энди сон жиҳатдан устунликка эришган меҳмонлар ўз ҳужумларини янада кучайтирди. Аммо жиззахликлар совуққонлик билан ҳимояланишни, дарвозабон эса ўзининг ишончли ўйинларини давом эттирди.
Бироқ ўйинга қўшиб берилган вақт давомида жиззахликлар дарвозабони Шоҳруҳ Исоқов тўпни муштлари билан уриб қайтарди, тўп эса рақиб ўйинчиси Сарвар Абдуҳамидовнинг оёғига бориб тушди, Сарвар эса бу имкониятни кўкка совурмади. Оқибатда ҳисоб 2:1 кўринишини олди. Меҳмонларнинг кейинги уринишлари эса самара бермади. Ушбу ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Учрашувдан сўнг “Сурхон” бош мураббийи Февзи Давлетов қуйидагиларни билдирди: – Биз ўйинни жуда ёмон бошладик. Оқибатда ҳимоядаги хатоларимиз икки гол урилишига олиб келди. Бу хатолар ўйин сценарийсига жиддий таъсир қилди. Иккинчи бўлимда анча яхши ўйнадик, аммо ҳужумда совуққонлик ва аниқлик етишмади. Ҳужумдаги сифатни оширишимиз шарт.

“Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович эса жамоасининг ҳаракатидан қониққанини таъкидлади: – Биринчи бўлимда тўлиқ устунлик қилдик. Иккинчи бўлимда рақибнинг очиқ ўйинини кутгандик ва бу ҳолатга тайёр эдик. Камчиликлар бўлди, айниқса охирги дақиқалардаги хато гол ўтказишимизга олиб келди.
“Сўғдиёна” бу беллашувда нафақат техник, балки руҳий жиҳатдан ҳам устунлик қилди. Жамоа энди ўз ўйин йўналишини топаётган кўринади.
“Сурхон” эса жонбозлик билан тўп сурди, бироқ бошланғич дақиқалардаги хатолар ва самарасиз ҳужумлар уларни очколардан маҳрум қилди. Иккинчи бўлимдаги ҳаракатлар эса жамоанинг янги турлардаги ўйинларига нисбатан ишонч уйғотади.
“Сўғдиёна” кейинги турдаги ўйинини сафарда “Бухоро” жамоаси билан ўтказади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири