Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сўғдиёна”– “Навбаҳор”: 1:2
15:16 / 2024-05-14

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида бугун Тошкентда бўлиб ўтадиган “Локомотив” ҳамда Олмалиқнинг ОКМК клублари ўртасидаги баҳс билан 7-тур ўйинларига якун ясалади.

Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида жорий мавсумдаги чемпионликка асосий даъвогарлардан бири деб қаралаётган Наманганнинг “Навбаҳор” клубини қабул қилди. Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида майдон эгалари меҳмонлар жарима майдонида хавфли вазиятларни юзага келтирди. Наманганликлар эса қарши ҳужумда ҳаракат қилди ва ана шундай ҳужумлардан бирида тўп “Сўғдиёна” жарима майдони ичида ҳимоячининг қўлига тегди. Учрашув бош ҳаками Рустам Лутфулин мезбонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. “Навбаҳор”нинг грузиялик легионери Тома Табатадзе аниқ ҳаракат қилди ва ҳисоб очилди: 0:1. 

Ўтказиб юборилган голдан сўнг жиззахликнинг ҳужумлари сони янада ортди, аммо мезбонлар таркибида комбинацияни аниқ зарба билан якунлайдиган футболчи топилмади. Шу тариқа жамоалар танаффусга чиқди.

Иван Бошковичдан керакли кўрсатмаларни олган майдон эгалари иккинчи бўлимни дарҳол ҳужум билан бошлади. Меҳмонлар дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни ҳам юзага келтиришди. Кўп ҳолларда ҳимоячилар яхши ҳаракат қилган бўлса, айрим вазиятларда дарвозабон тўғри жой танлай билди.

Футболда ёзилмаган қоида бор, “Сен урмасанг сенга уришади”. Айнан мезбонлар гол кирита олмагач уюштирилган қарши ҳужумдан меҳмонлар иккинчи голни ҳам киритишнинг уддасидан чиқди. Ўйининг 52-дақиқасида Жамшид Искандеровнинг зарбаси ҳимоячига тегиб бироз йўналишини ўзгартирди ва ана шу сабаб Милан Митровичнинг гол ўтказиб юборишига етарли бўлди: 0:2.  

Таркибдаги бир қатор ўзгаришлардан сўнг жиззахликларнинг ўйинида аниқлик пайдо бўлиб, тезлик ҳам, ҳужумлар сони ҳам ошди. Лекин меҳмонлар ҳимояда зич ва аниқ ҳаракат қилди. Фақатгина баҳснинг 80-дақиқасида “Навбаҳор” жарима майдонида ўйин қоидаси бузилди. Ҳакам ушбу ўйинда иккинчи марта, бу сафар меҳмонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Люпче Дориев аниқ зарба билан ҳисобдаги фарқни қисқартирди: 1:2.  

Шундан сўнг ҳисобда олдинда бораётган наманганликлар, айёрлик “қуроли”ни қўллади ва бунинг уддасидан чиқди.  

Меҳмонда жиззахликлар устида 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган “Навбаҳор” 12 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамга айланди.

Тўғри, Фарғонада “Нефтчи” билан 2:2 ўйнаган “Андижон”да ва Қаршида бир ўйинчи кам бўлиб ўйнаган Тошкентнинг “Бунёдкор”ини енга олмаган (0:0) “Насаф”да ҳам худди шунчадан очко мавжуд, аммо тўплар нисбати наманганликларда яхшироқ бўлганлиги сабаб биринчи поғонани эгаллаб турибди. 

Шу турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Металлург” (Бекобод) – “Қизилқум” (Навоий) – 0:0, “Олимпик” (Тошкент) – “Пахтакор” (Тошкент) – 1:2, “Сурхон” (Термиз) – “Динамо” (Самарқанд) – 1:1.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари