Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳида замон билан ҳамнафас бунёдкорлик авжига чиққан: кенг миқёсда реконструкция, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланди.
Кеча-ю кундуз давом этаётган жараёнлардан мақсад – томошабинлар учун маъқул шароит яратиш, спортчилар тайёргарлигини янги босқичга кўтариш ва, энг муҳими, стадионни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишдир.
Лойиҳанинг қиймати 63 миллиард 674 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг амалга оширилиши “Йигирманчи трест ўн олтинчи вакиллик” масъулияти чеклаган жамияти зиммасига юклатилган. Буюртмачи сифатида Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжениринг компанияси давлат муассасаси иштирок этмоқда.

– Айни пайтда трибуналарнинг устки ва пастки қисмларида изоляция ва бетонлаштириш ишларини якунига етказдик, – дейди қурилиш жараёнларига бош-қош бўлаётган қурувчи-муҳандис Жамшид Фармонов. – Ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жараёнда иссиқ-совуққа ва намгарчиликка чидамли иновацион технологиялар асосида тайёрланган материаллар қўлланилмоқда. Шу билан бирга, стадионда хавфсизлик тизимлари модернизация қилинмоқда, техник инфратузилма яхшиланиб, 11 мингдан ортиқ томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган. Бизнинг режамизга кўра, “Сўғдиёна” стадионидаги реконструкция, қурилиш, таъмирлаш ишлари келгуси йилнинг учинчи чорагида якунланади.
Дарҳақиқат, ушбу қурилиш майдонида тиним йўқ: махсус тарнаспорт воситаларининг товуши, металл занжирининг жаранглаши, кран усталарнинг қизғин ҳаракати – буларнинг барчаси стадион учун янги ҳаёт бошланаётганининг исботидир. Янгиланган майдон нафақат маҳаллий чемпионат, балки Осиё мусобақалари ва халқаро беллашувлар учун ҳам муносиб масканга айланиши кутилмоқда.
– Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спортга, футболга қаратаётган алоҳида эътибори натижасидир, – дейди Жиззах вилояти футбол ассосиацияси биринчи вице-президенти Шуҳрат Йўлдошев. – Жиззахда янгиланган “Сўғдиёна” стадиони Осиё чемпионлар лигаси, Осиё кубоги ва халқаро мусобақаларни қабул қилиши мумкин бўлган даражага эга бўлади. Янгиланган инфратузилма спорт тадбирларини юқори даражада ўтказишга шароит яратади. Энг муҳими, мамлакатимизда AFC ҳамда FIFA талабларига жавоб бера оладиган стадионлар сони яна биттага кўпаяди.
Дарҳақиқат, бунёдкорликка қанчалик катта маблағ ва меҳнат сарфланаётгани фақат архитектура ўзгариши эмас – бу мамлакат миқёсидаги спорт сиёсати билан чамбарчас боғлиқ жараёндир. Президентимиз томонидан 21 август куни қабул қилинган “Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарор футбол инфратузилмасини халқаро даражага олиб чиқиш, стадионлар сифатини ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашни белгилаб берган. Бугун Жиззахда амалга оширилаётган ишлар ана шу қарор ижросининг жонли намуналаридан биридир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DsGxgcrt--Y" title=""So‘g‘diyona” markaziy stadionida qurilish va ta’mirlash ishlari boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари