Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида 10-тур ўйинлари ниҳоясига етди. Бутун мавсум давомида 30 та тур ўтишини ҳисобга олсак, бу чемпионатнинг учдан бир қисми ўтиб бўлди, деганидир.
Жорий йилги мамлакат биринчилигида омади чопмаётган Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби бу турда ҳам муваффақиятсиз иштирок этди.
Термизда маҳаллий “Сурхон” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги баҳснинг биринчи бўлими анча зерикарли ва суст ўтди. Дарвозалар олдидаги хавфли вазиятлар ҳам деярли бармоқ билан санарли бўлиб, ана шу кам сонли вазиятлардан майдон эгалари ҳам, меҳмонлар ҳам фойдалана олишмади. Натижада жамоалар 0:0 ҳисобида танаффусга чиқишди.
Учрашувнинг 2-бўлимида ўйин бироз жонланди. Майдон эгаларига қараганда “Сўғдиёна” кўпроқ олдинга интилди ва бир неча хавфли вазиятларни яратди ҳам.

Меҳмонларнинг македониялик легионери Люпчо Дориев бир неча бор ўзининг хавфли зарбаларини рақиб дарвозаси томон йўллаб кўрди. Аммо аниқ бўлиши мумкин бўлган зарбаларни ҳимоячилар қайтаришган бўлса, улардан ўтганлари эса дарвозага аниқ бормади. Назаримда Люпчонинг қандай хавфли футболчи экани ва нималарга қодирлигини суперлигадаги деярли ҳамма жамоа мураббийлари ўрганиб бўлишган ва буни шогирдларига ҳам уқтириб қўйишган кўринади.
Бир неча турдирки, македониялик гол кирита олмаяпти. Чунки Дориевга тўп келиб тушиши билан унинг қаршисида 2, ҳатто 3 нафаргача футболчи пайдо бўлмоқда. Табиийки, бу иқтидорли футболчининг вазиятни ўзи якунлашига бўлган ҳаракатлари жамоани олдинга тортаяпти, дея олмаймиз.
Футболда ёзилмаган қоида бор: “Сен урмасанг, сенга гол уришади” деган. Бу қоида бу гал ҳам ўз исботини топди. Ўйиннинг 56-дақиқасида майдон эгаларининг тезкор қарши ҳужумида меҳмонлар томонидан ўйин қоидаси бузилди. “Сурхон”нинг россиялик легионери Дмитрий Плетнёв тўпни "нобоп" ўрнатилган жонли девордан ўтказиб, дарвоза бурчагига “михлаб” қўйди – 1:0.

Ўтказиб юборилган голдан сўнг меҳмонлар ҳужумлар сонини оширди ва орадан 6-7 дақиқа ўтиб, Люпчо Дориевнинг ажойиб “пас”идан сўнг легионер футболчи, Тожикистон терма жамоаси аъзоси Эҳсони Паншанбе ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Футбол мухлисларининг ёдида бўлса, 8-турда Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўйинда ҳам айнан Дориевнинг узатмасидан сўнг жиззахликларнинг ёш иқтидорли футболчиси Сардорбек Ҳошимов гол киритган эди.
“Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович шогирди Люпчо Дориевни тўпурарликка чорламай, ундан кўпроқ “диспечер” сифатида фойдаланса, жамоаси бугунгидек қийин аҳволга тушиб қолмаган бўлармиди?
“Сўғдиёна”нинг ўтказиб юбораётган голларини таҳлил қилсак, уларнинг асосий қисми жиззахликларнинг оддий вазиятларда тўпни рақибга топшириб қўйишлари ёки жарима майдонлари яқинида ўйин қоидасини бузишлари оқибатида юз бераётганига гувоҳ бўламиз.

“Сўғдиёна” футболчиларининг яна бир антирекорди– ўз дарвозаларини ўзлари ишғол этаётгани. Уларнинг ўтказиб юборган голларининг 3 таси жамоа футболчиларига “автогол” сифатида расмийлаштирилди. Бу чемпионатимиздаги “энг юқори” натижа.
Бу ўйинда ҳам майдон эгаларининг “диоганал” узатмасини меҳмонлар ўйинчиси боши билан қайтарди, аммо тўп тўғри “Сурхон” футболчиси Асилбек Жумаевнинг оёғига келиб тушди. Асилбек эса ўша заҳоти дарвоза томон кучли зарба йўллади. Жиззахликларнинг ёш посбони Муҳаммадюсуф Собиров зарбани қайтарди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган “Сурхон” ўйинчиси Муҳаммадали Абдураҳмонов дарвозани ишғол этди. Ўйиннинг 72-дақиқасида киритилган бу гол майдон эгаларига ғалаба келтирди. Якуний ҳисоб – 2:1.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошкович ўйин ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. У жумладан шундай деди: – Руҳиятни тушириш эмас, кўтаришимиз керак, чунки биз мағлуб бўлганимиз билан мардонавор ўйин намойиш қилдик. Исталган ўйинда биз ҳолатни хоҳлаган томонга ўзгартириб юборишимиз мумкин эди. Аммо футболда фақатгина яхши ўйнаш эмас, характер орқали очколарни олишни ҳам билиш керак. Рақобатлашиш ва унда руҳиятни туширмасдан жамоавий характерни кўрсатсаккина очколарни қўлга киритишимиз мумкин. Футболчиларга ўйин учун ҳеч қандай эътирозим йўқ, улар қаттиқ ҳаракат қилишди.
Мураббийнинг сўзларига қўшилиш мумкиндир, лекин “Сўғдиёна” мағлубиятлар гирдобидан чиқа олмаяпти. Балки жамоага қандай омиллар етишмаётганини клуб раҳбарияти тушунтириб берар?!

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири