Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги гуруҳ баҳслари бугун ниҳоясига етади. Куни кеча эса “А” гуруҳи жамоалари 3-тур ўйинларини ўтказди.
Ушбу гуруҳда суперлиганинг ягона вакили бўлган Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ўз майдонида Урганчнинг “Хоразм ФА” жамоасини қабул қилди. Кутилганидек, мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович биринчи лигада тўп сураётган Хоразм футбол академияси футболчиларига қарши деярли иккинчи таркибни майдонга туширди.

Эътиборлиси, суперлига баҳсларида омади чопмаётган “Сўғдиёна” кубок баҳсларини жуда муваффақиятли якунлади. Ушбу гуруҳдаги сўнгги тур баҳси ҳам тўлиқ майдон эгаларининг устунлигида ўтди. Учрашувнинг 11-дақиқасида майдон эгаларининг тожикистонлик легионери, ярим ҳимоячи Эҳсони Паншанбенинг узатмасини Саҳоб Рашидов 18 метрлар олисдан зарба йўллаб, рақиб дарвозасини ишғол этди – 1:0.
Орадан 10 дақиқа ўтиб, майдон эгалари томонидан киритилган иккинчи гол ҳам худди биринчиси сингари узоқ масофадан амалга оширилди. Жиззахликларининг ёш футболчиларидан бири Дилшодбек Мисиралиев тўпни тенгқур жамоадоши Сардорбек Эркиновга етказиб берди. Сардорнинг олисдан берган зарбасини меҳмонлар дарвозабони бу гал ҳам қайтара олмади – 2:0.

Биринчи бўлим тугашига 4 дақиқа қолганида мезбонларнинг ёш иқтидор эгаларидан бўлмиш Сардорбек Эркиновнинг индувидуал ҳаракатлари эвазига ўртадиги фарқ яна биттага ошди – 3:0.
Жамоалар ана шу ҳисоб билан танаффусга чиқиб кетди.
Иккинчи бўлимда йирик ҳисобда ғалаба қозанаётган майдон эгалари ортиқча куч сарфламай ҳаракат қилишди. Шунданми, иккинчи бўлим жуда суст ўтди. Лекин баҳснинг 61-дақиқасида жиззахликлар таркибидаги яна бир ёш иқтидор эгаларидан бири Умидбек Султонов жамоадоши Иброҳимжон Тўрақуловнинг узатмасидан сўнг “Хоразм ФА” жамоаси дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни 4:0 га етказди.

Иккинчи бўлим давомида “Сўғдиёна” мураббийлар штаби таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди Суҳроб Иззатов, Ислом Қобилов, Эҳсони Паншанбе, Умидбек Султонов ҳамда Саҳоб Рашидовлар ўрнига захирадан Самандар Синдаров, Али Жўрамуродов, Иброҳимжон Тўрақулов, Шаҳриёр Тошмуродов ҳамда Сардорбек Ҳошимовларни майдонга туширди.
Шундай қилиб, энг енгил “А” гуруҳидан жой олган “Сўғдиёна” уч ўйиндан 9 очко жамғариб, рақиблари дарвозасига 11 та гол киритди ва ўз дарвозаларидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормади ва гуруҳ баҳсларини 1-ўрин билан якунлади. Бу эса кубокнинг кейинги битта баҳсдан иборат бўлган плей-офф ўйинида бўлажак рақибини ўз майдонида кутиб олиш икониятини беради.

Нукус шаҳрида шу гуруҳдан жой олган “Арал” ва Қувасойнинг “Цементчи” жамоалари ўртасидаги 3-тур учрашуви ўтказилмади. Чунки Фарғона водийси футболчилари мазкур ўйинга бормади. Шу сабабдан уларга техник мағлубият, “Арал”га эса техник ғалаба ёзилди. Бу ғалаба қорақалпоқ футболчиларини гуруҳда 2-ўрин соҳибига айлантирди ва улар ҳам “Сўғдиёна” билан бирга кубок баҳсларининг кейинги босқичига йўл олди.
Бугун Ўзбекистон кубоги доирасида ўтадиган гуруҳларнинг 3-туридаги “Хоразм” (Урганч) – “Сирдарё ФА” (Гулистон), “Олимпик Мобиуз” (Тошкент) – “Жайхун” (Нукус), “Бунёдкор” (Тошкент) – “Локомотив” (Тошкент), “Бухоро” (Бухоро) – “Наманган ФА” (Наманган), “Қўқон-1912” (Қўқон) – “Қизилқум” (Навоий) ҳамда “Замин” (Зомин) – “Андижон ФА” (Андижон) учрашувларидан сўнг кубок ўйинларининг ним чорак финалига йўл оладиган барча 16 жамоанинг номига ойдинлик киритилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири