Жорий йилнинг 1 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасининг 4-тур и ўйинларига старт берилди.
Ушбу турда 3 ўйиндан буён мағлубиятга учрамай келаётган Жиззахнинг “Сўғдиёна” футбол клуби Термизнинг “Сурхон” жамоасини ўз майдонида қабул қилди.
Ўйин кутилганидек жиззахликларнинг ҳужумлари билан бошланди. Аммо Улуғбек Бақоев шогирдлари бир неча хавфли вазиятларни йўққа чиқарди.
Сурхондарё вилояти футболчилари ҳам қарши ҳужумларни амалга оширди ва биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда тўп “Сўғдиёна” футболчисининг қўлига тегди.
Учрашув бош ҳаками Аскер Нажафалиев жиззахликлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгилади.
“Сурхон” жамоасининг 7-рақамли футболчиси Ислом Тошпўлатов 45(+2)-дақиқада пенальтини аниқ бажариб, “Сўғдиёна” посбони Ширинбой Абдуллаевга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Натижада “Сўғдиёна” – “Сурхон” учрашувининг биринчи бўлими 0:1 ҳисобида якун топиб, футболчилар танаффусга чиқди.
Танаффусда “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоевдан керакли кўрсатмаларни олган жиззахлик футболчилар, босимни ошириб, термизликлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятларни ярата бошлади ва бу уринишлар учрашувнинг 59-дақиқасига келиб ўз самарасини берди. “Сўғдиёна” тўпурари Шоҳруз Норхонов жамоадоши Арсланмират Аманов томонидан ошириб берилган тўпни “Сурхон”лик Акром Ходжаев қўриқлаётган дарвозага боши билан аниқ йўллади. Ҳисоб – 1:1.
Шундан сўнг, “Сўғдиёна” янада ҳужумкор ҳаракатларни амалга оширди. “Сурхон” эса дуранг ҳисобини ушлаб қолишга ҳаракат қилди.
Аммо учрашувнинг 88-дақиқасида Жиззах вилояти футболчилари ўз жамрима майдончасида ўйин қоидасини бузди ва учрашув ҳаками Аскер Нажафалиев жиззахликлар дарвозаси томон шу учрашувнинг ўзида 2-бор пенальти белгилади.
Аммо Ислом Тошпўлатовнинг зарбаси бу сафар ноаниқ бўлди ва тўп дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди...
Футболда “Сен урмасанг, сенга уради” дейишади. Ишқибозларнинг шу нақли бу сафар ҳам ўз исботини топди. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнги палласида Жавоҳир Қаҳрамоновнинг узатмасига ҳаммадан аввал етиб борган Шоҳруз Норхонов аниқ зарба бериб, “Сурхон” дарвозасини иккинчи бор ишғол этди. Шоҳруз ўз номига дубль расмийлаштириб қўйди ва у ҳозирча жами 4 гол билан чемпионатимизда тўпурарга айланди.
Тайёр ғалабани қўлдан чиқарган “Сурхон”, якуний ҳисобда “Сўғдиёна”дан 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради.
Жиззахлик футболчилар ушбу иродали ғалабасидан сўнг очколари сонини 10 тага етказиб олди ва 3 учрашувдан 9 очко жамғариб биринчи ўринни банд қилиб турган Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Пахтакор”дан карвонбошиликни тортиб олди. Лекин тошкентликлар 4-тур доирасида 2 аперль куни Бекободнинг “Металлург” жамоасини ўз уйларида қабул қилади.
А.Қаюмов,ЎзА