Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасида иштирок этаётган 16 жамоанинг аксарияти янги мавсум остонасида тайёргарликни Туркия майдонларида олиб бормоқда. Қишки йиғинлар — орзулар чархланадиган, камчиликлар юзага чиқадиган, жамоанинг ҳақиқий қиёфаси намоён бўладиган синов палласидир.
Юқори мақсадларни кўзлаган Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби ҳам Анталиядаги ўқув-машғулот йиғинида ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Бироқ назорат учрашувлари натижалари жамоа олдида турган вазифалар қанчалик жиддий эканини яққол намоён этди.

Россиянинг “ФК Челябинск” жамоасига қарши баҳс 0:1 ҳисобида якунланди. Кейинги учрашувда “ФК Алтай”га 0:2 ҳисобида имконият бой берилди. Грузиянинг “Рустави” клубига қарши ўйин 1:3, Россиянинг “ФК Пари” жамоаси билан беллашув эса 1:4 ҳисобида тугади. Ягона тасалли — Батумининг “Динамо”си устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба бўлди. Аммо Анталиядаги сўнгги назорат баҳсида Россиянинг “Факел” клуби билан бўлиб ўтган ўйинда 0:1 ҳисобида мағлубият қайд этилди.
Рақамлар — қуруқ статистика эмас. Улар жамоанинг бугунги ҳолати, изланишлари ва муаммоларини очиб беради. Бош мураббий Иван Бошкович шакллантираётган таркибда интизом ва ҳимоядан ҳужумга ўтишда муайян тартиб сезилади. Янги легионерлар айрим учрашувларда ўзини кўрсата олган бўлса, баъзи баҳсларда етарлича фаоллик намоён эта олмади. Ёш футболчиларга имконият берилаётгани ижобий ҳолат, аммо ҳужумларни якунлашдаги муаммолар, ҳал қилувчи узатмалардаги ноаниқлик ва ҳимоядаги лаҳзавий беэътиборлик ҳали ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Назорат ўйинлари, албатта, эксперимент майдони. Бу босқичда натижадан кўра, таркиб танлаш, ўзаро уйғунликни шакллантириш ва тактик ечимларни синовдан ўтказиш муҳим. Бироқ мағлубиятлар силсиласи жамоа руҳиятига таъсир кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Суперлигада рақобат ҳар йилгидан кескин бўлиши кутилмоқда. Бундай шароитда ҳар бир хато қимматга тушиши тайин.
Анталия йиғини бугун ниҳоясига етиб, “Сўғдиёна” Жиззахдаги қароргоҳига қайтмоқда. Вақт эса ниҳоятда кам. 27 февраль куни старт оладиган чемпионатнинг илк турида жамоа меҳмонда “Андижон”га қарши майдонга тушади. Мавсумни ишончли бошлаш учун ўйинда аниқлик, тезкорлик ва гол уриш самарадорлигини ошириш талаб этилади.

Хулоса шуки, Анталиядаги йиғин “Сўғдиёна” учун нафақат жисмоний тайёргарлик, балки жиддий таҳлил ва хулоса чиқариш даври бўлди. Янги мавсум баландпарвоз гапларни эмас, аниқ натижани талаб қилади. Жиззах мухлислари эса ваъдаларни эмас, майдондаги ишончли ўйинни кутмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири