Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги ўйин Зомин шаҳрида бўлиб ўтди.
Учрашув майдон эгаларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Ушбу ўйинда ғалаба “Сўғдиёна”ни турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилиш имконини берарди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида устунлик асосан “Сўғдиёна” томонида бўлди, аммо кўплаб имкониятлар самарасиз кечди. Бир неча хавфли зарбаларни меҳмонлар посбони бартараф этган бўлса, ҳимоячилар ҳам бўш келишмади.

Футболда “Сен гол урмасанг, сенга уришади” деган нақл бу сафар ҳам ўзини оқлади. Биринчи бўлимнинг охирида Жасур Жалолиддиновнинг ўз жарима майдони яқинидаги хатоси жамоага қимматга тушди. Бундан фойдаланган меҳмонлар ўйинчиси Асадбек Раҳимжонов ҳисобни очди – 0:1.

Иккинчи бўлимда вазият деярли тенглашди ва бундан “Бунёдкор” самарали фойдаланди. 60-дақиқада Имеда Ашортианинг узоқдан йўллаган аниқ зарбасини мезбонлар дарвозабони Шоҳрух Исоқов қайтара олмади – 0:2.
“Сўғдиёна” жамоаси ўйин давомида икки бор 15- ва 90+7-дақиқаларда пенальти тепиши мумкин эди, аммо VAR ва бош ҳакам Шавкат Насибуллаевнинг фикрлари бир-бирига мувофиқ келмади.

Мезбонлар футболчиларидан Люпчо Дориев, Шоҳруҳ Абдураҳмонов, Жавоҳир Қаҳрамонов ва Жасур Жалолиддиновларнинг хавфли зарбаларини “Бунёдкор” посбони Абдумавлон Абдужалилов ўзининг ажойиб сейвлари билан бартараф эта билди. Шу боис ҳам Абдумавлон ўйиндан сўнг – “Учрашувнинг энг яхши футболчиси” деб топилди.
“Бунёдкор” ушбу сафардаги ғалабасидан сўнг чемпионатни, сўнгги учрашув натижасидан қатъий назар, кучли бешликда якунлайдиган бўлди. “Сўғдиёна” эса 7-ўринга кўтарилиш имкониятидан фойдалана олмади.

Сўнгги 30-турда “Сўғдиёна” сафарда Қўқоннинг “Қўқон – 1912” жамоасига қарши майдонга тушади. Бу ўйинда мезбонларнинг ғалабаси жамоа учун нафақат 3 очко, балки “плей-офф” ўйинларисиз Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолиш имкониятини берса, жиззахликлар 9-поғонага тушиб кетишлари мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири