Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида ФИФА кунлари муносабати билан танаффус юзага келди ва ундан унумли фойдаланаётган мамлакатимиз миллий терма жамоаси Жанубий Кореяда ўқув-йиғинларида иштирок этмоқда.
У ерда жорий йил ноябрь ойи охирлари ва декабрда Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олган – Африка қитъасининг Камерун ҳамда Шимолий Американинг Коста Рика термаларига қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этиш режалаштирилган.
Камерун термаси билан ўтган ўртоқлик ўйинида ўзбекистонликлар 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. 27 сентябрь куни эса терма жамоа футболчилари Коста Рика жамоасига қарши майдонга чиқади.

Танаффусдан фойдаланиб, клублар ҳам назорат ўйинларини ўтказмоқда.
Куни кеча ана шундай учрашувлардан бири Жиззахда “Сўғдиёна” ва Самарқанднинг “Динамо” клублари ўртасида бўлиб ўтди.
Баҳснинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса-да, иккинчи бўлимнинг 57-дақиқасида жиззахлик Шаҳбоз Жўрабеков ўз жамоаси дарвозасига тўп киритиб қўйди – 0:1. Сўнг ўзи йўл қўйган хатосини “ювиб”, самарқандликлар дарвозасига тўп киритди ва ўртадаги фарқни тенглаштирди – 1:1.
67-дақиқада “Динамо”нинг навбатдаги ҳужуми пайтида тўп яна мезбон футболчига тегиб, “Сўғдиёна” дарвозасидан жой олди – 1:2.
Ўйиннинг 79-дақиқасида, захирадан майдонга туширилган “Динамо” ҳужумчиси Саҳоб Рашидов ўзининг собиқ жамоаси дарвозасига ғалаба голини киритди.
Назорат учрашувида якуний натижа – 1:3.
А.Қаюмов, ЎзА