“Сўғдиёна” бу йил “Бухоро”га иккинчи марта ютқазди – аввалроқ жамоа Ўзбекистон Кубоги ярим финалида ҳам айнан шу рақибдан 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
Аммо бу гал жиззахликлар кутилган “реванш” ўрнига яна суст ва ишончсиз ўйин намойиш этишди ва мезбонларга 3 очкони “тортиқ этишди”.
Учрашувнинг илк дақиқаларидаёқ меҳмонлар ҳимоясида хатоликлар юз берди.Оқибатда 8-дақиқага келиб, мезбонлар ҳимоячиси Иззатилло Пўлатов жамоадоши Азизбек Амоновнинг аниқ узатмасидан фойдаланиб, ҳисобни очди. 14-дақиқада эса яна Иззатиллонинг ўзи иккинчи бор тўпни жиззахликлар дарвозасига аниқ йўллади – 2:0.
Биринчи бўлимда “Сўғдиёна” ҳеч қандай жавоб қайтара олмади. Зоир Жўрабоевнинг қулай вазиятдаги зарбаси дарвозабон томонидан қайтарилди, Люпчо Дориевнинг зарбаси эса устунга тегиб қайтди. Ҳужумдаги беқарорлик ва ҳимоядаги тартибсизлик жамоанинг умумий ҳолатини яққол намоён этди.
– Жуда кучсиз ўйин намойиш этдик, айниқса биринчи таймда. Ҳаводаги курашларда ютқаздик, майдон марказини бой бердик. Бу 3 йил ичидаги энг кучсиз ўйинимиз бўлди, – деди “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович ўйиндан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

“Бухоро” бош мураббийи Александр Хомяков эса ғалабани жамоавий интизом ва биринчи дақиқалардаги фаол ҳаракат билан изоҳлади: – Биринчи таймдаги биз урган икки гол бутун ўйин тақдирини ҳал қилди. Йигитларимиз борини бериб ўйнашди. Энди ўтадиган ҳар бир баҳс биз учун финалга тенг бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА