Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сўғдиёна” бу гал кучли ва барқарор ўйин намойиш этди
16:50 / 2025-11-03

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 27-тур доирасидаги ўйинлардан бири турнир жадвалида ёнма-ён бораётган Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва Навоийнинг “Қизилқум” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Мазкур учрашув Зомин туманидаги “Зомин” стадионида ўтказилди.

Мезбонлар баҳсни фаол бошладилар. 2-дақиқадаёқ Шоҳруҳбек Абдураҳмонов меҳмонлар дарвозсини ишғол этди, аммо ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилганлиги сабабли ушбу гол инобатга олинмади.  

“Сўғдиёна” футболчилари шундан сўнг босимни янада кучайтиришди. Ниҳоят ўйиннинг 11-дақиқасида мезбонлар ўз мақсадларига эришишди. “Қизилқум” ҳимоячиси Душан Мийич жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади. VAR орқали вазият кўриб чиқилгандан сўнг, бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Жиззахликларнинг македониялик легионери Люпчо Дориев эса аниқ зарба билан ҳисобни очди – 1:0.

Учрашувнинг 34-дақиқасида Дориевнинг чиройли узатмасидан кейин Рубин Хебай яқин масофадан тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни 2:0 етказди. Биринчи бўлим жиззахликларнинг тўлиқ устунлиги билан якунланди.

Иккинчи тайм бошлангач, меҳмонлар ҳужумни кучайтиришга уринишди. Бироқ 53-дақиқада Жавоҳир Қаҳрамоновнинг икки марта йўллаган зарбасини "Қизилқум" дарвозабон Санжар Қувватов қайтара олган бўлса-да,  Хебай томонидан йўлланган аниқ зарбани қайтаришга ожизлик қилди  ва жамоалар ҳисобидаги фарқ 3 тага етди – 3:0.

Шундан кейин “Қизилқум” бир неча хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо мезбонлар посбони  Шоҳруҳ Исоқов ишончли ўйин кўрсатиб, меҳмонларнинг барча уринишларини бартараф этди. “Сўғдиёна” интизомли тарзда ҳимояланиб, муҳим ғалабани қўлга киритди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Қизилқум” бош мураббийи Акмал Рустамов рақибни ғалаба билан табриклаб, шундай деди:  –  “Сўғдиёна”нинг кучли жиҳатларини билардик, шунга кўра тайёргарлик кўргандик. Аммо рақиб вазиятлардан унумли фойдаланди, бизда эса бунинг акси бўлди. Ўйинни таҳлил қиламиз ва кейинги баҳсга жиддий тайёрланамиз.

“Сўғдиёна” устози Иван Бошкович эса жамоасининг ишончли ғалабасидан мамнунлигини изҳор этди:  – Бугун биз ҳақли ғалабага эришдик. Ҳимоя ва ҳужумда барча режаларимиз иш берди. Учта гол урдик ва бирорта ҳам гол ўтказмадик,  бу эса жамоавий меҳнат самараси деб ўйлайман.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири