Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби орадан ярим йил ёки роппа-роса 187 кун ўтиб, чим ва суғориш тизими тубдан қайта таъмирланган ўз майдонига қайтди. “Сўғдиёна” марказий стадионида бугун жиззахликлар Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 10-туридан жой олган Яйпаннинг “Турон” жамоаси билан янгиланган майдонда куч синашади.
Олти ой муқаддам “Сўғдиёна”нинг ОФК кубоги ярим финали доирасидаги ўйинидан сўнг Ўзбекистон профессионал футбол лига(ПФЛ)си ва “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби (ПФК) ўртасидаги келишув асосида янги майдон учун ҳаракат бошланган эди. 187 кундан сўнг футбол майдонидаги таъмирлаш ишлари бутунлай якунланди. Дренаж ва суғориш тизими тубдан янгиланиб, суғориш тизимида компьютерлаштириш жараёни амалга оширилди. Бу тизим чимни талаб этилган даражада парваришлаш рақамлаштирилган механизм орқали бошқарилишини таъминлашини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида клуб томонидан чимни яхши ҳолатда сақлаб туриш мақсадида ПФЛ тавсиясига асосан зарур бўлган қўшимча янги техникалар харид қилинмоқда.

Шу ўринда 2022 йил “Сўғдиёна” ПФК базасини ишга туширганлигини, 2024 йилда мазкур база қошидаги футбол майдони ҳам ПФЛ талаб қилаётган кўринишга келтирилиши, шунингдек, келаси йилда клуб академиясини расман фойдаланишга топширилиши режалаштирилганини таъкидлаш жоиз.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 13 майидан эътиборан Ўзбекистонда майсаси талабга жавоб берадиган стадионлар сони 11 тага етди. Жумладан, республикамиз пойтахтидаги – “Пахтакор”, “Жар”, “Бунёдкор”, “Локомотив”, Наманган шаҳридаги – “Марказий”, Фарғонадаги – “Истиқлол” ҳамда Яйпандаги “Ўзбекистон”, Қарши шаҳридаги “Марказий”, Бухородаги – “Бухоро спорт мажмуаси”, Ғузордаги “Марказий” ҳамда бугундан бошлаб Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” майдонлари ПФЛ ва халқаро мусобақалар ўтказиш талабларига тўла жавоб берадиган майдонлар сирасига киритилди.



Жорий йил якунига қадар халқаро талабларга жавоб берадиган стадионларнинг футбол майдонлари сони Олмалиқ шаҳридаги ОКМК, Андижондаги “Бобур арена” ва Термиздаги “Сурхон арена” стадиони билан яна 3 тага кўпайиб, жами 14 тани ташкил этиши режалаштирилган.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА