Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида жорий йил 19-20 октябрь кунлари “Сўғд – 2021” халқаро савдо ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилоятининг туризм ва инвестиция салоҳияти тарғиб этилди.
–Ўзбек ва тожик азалдан икки тилда сўзлашувчи битта халқ ҳисобланади, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. – Бугунги кунда нафақат яхши қўшничилик, балки савдо-иқтисодий, маданий, туризм ва спорт, фан, саноат сингари барча соҳада ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани қувонарлидир. Бу тадбирда иштирок этишдан мақсад вилоятимизнинг туризм ва инвестиция соҳасидаги салоҳиятини тарғиб этиш, ҳамкорликда янги ва истиқболли тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишдан иборат.

Хўжанд шаҳридаги «Қасри Варзиш» стадионида турли давлатлар ва вилоятларнинг инвестиция ва туризм салоҳиятини ифода этган кўргазмалар ташкил этилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Сўғд вилояти раиси Раджаббой Аҳмадзода ташриф учун меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. Хорижий давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан дўстона муносабатлар ривожланиб бораётганини қайд этди.

Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар меҳмон-у мезбонларда илиқ таассурот қолдирди. Кўргазма доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, инвестиция киритиш масалаларида келишувларга эришилди. Дон, қурилиш маҳсулотлари ва бошқа яна бир қатор йўналишларда 3 миллион АҚШ долларига яқин экспорт шартномалари имзоланди. Туризм йўналишида ҳам Фарғона ва Сўғд вилоятлари мутасаддилари ўртасида 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги меморандумларга имзо чекилди. Халқаро савдо ярмаркасида Фарғона вилоятидан қатнашган тадбиркорлар томонидан жами бўлиб 11 миллион 500 минг АҚШ долларлик шартномалар тузилди.
Шу куни икки вилоят масъуллари савдо-инвестициявий ва туризм алоқаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан келишиб олдилар.
М. Сулаймонов, ЎзА