“ICT Expo Uzbekistan” – ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида миллий ва халқаро ишланмалар ва ютуқларни намойиш этишга қаратилган халқаро кўргазма ҳисобланади.
Рақамли технологиялар вазирлигида “ICT Expo Uzbekistan” кўргазмаси доирасида тақдимотлар намойиш этилиб, President Tech Award хакатонининг махсус йўналиш бўйича ғолиби тақдирланди.
Тадбирни Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов очиб берди. Хорижий ташкилотлар вакилларининг кириш сўзлари ва чиқишларидан сўнг тадбир расмий эълонлар ва тақдимотлар билан давом этди.
Жумладан, “Мухлиса” сунъий интеллекти, my.gov.uz сайтининг янги версияси, MyID экотизими имкониятлари ва истиқболлари, Алоқа Банк талаба картаси, Face ID тўлов тизими, “Ўзбектелеком ИПО”га чиқиш тақдимоти, Алоқабанкнинг “Рақамли хизматлар платформаси” тақдимоти Huawei (Хитой) компаниясининг Ўзбекистонда “IT таълимга эътибор” – корпоратив ижтимоий масъулияти тақдимоти, Plug and Play (АҚШ) компанияси бошқарувчиси Ўзбекистонда стартапларни ривожлантиришнинг янги экотизими бўйича тақдимотлар тақдим этилди.

Шунингдек, кўргазма доирасида “President Tech Award” хакатонининг махсус йўналиш бўйича ғолиби тақдирланди.
Ҳакамлар ҳайъатининг баҳолари ва хакатон давомида лойиҳанинг техник амалга оширилиши натижаларига кўра, Мафтуна Зиямова, Давид Алкамян, Ясмина Аблаева ва Азам Беҳруз каби ёшлардан таркиб топган Rammstein Theorem жамоаси “Соғ бўл” лойиҳаси учун ғолиб деб топилди.
— Хакатон доирасида ушбу лойиҳани яратиш учун жамоамиз билан йиллар давомида тўплаган тажрибаларимиздан фойдаландик,—дейди Мафтуна Зиямова.—“Соғ бўл” лойиҳаси инсонларни ўз саломатликлари ҳақидаги маълумотларни телефондаги ёрдамчи қўлланмалар орқали билиб бориш имкониятини беради.
Ғолиб жамоа хакатонда ишлаб чиқилган лойиҳани такомиллаштириш ва амалга оширишга ёрдам берадиган 100 минг доллар миқдоридаги грантга эга бўлди.
Н.Раҳмонова, ЎзА