Бизда яқин-яқинларгача, ўртача ҳосилдорлик гектарига 23-25 центнер эди. Ер майдонларининг кимёвий ўғитларга тобе бўлиб қолгани, агротехник тадбирларнинг вақтида ва тўғри ўтказилмаслиги ҳосилдорликнинг йил сайин пасайиб кетишига сабаб бўлди.
Ҳозир жаҳон бозорида кимёвий ўғитлар воситасида етиштирилган маҳсулотга харидор топиш қийин. Шу боис, кластер корхоналари ҳар бир ҳудудга алоҳида агрономлар, шароитдан келиб чиқиб чет элдан бўлса ҳам энг яхши мутахассисларни олиб келиб ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда.
Самарқанд вилоятида 2022 йил ҳосили учун 11 та кластер корхонаси билан 2112 та фермер хўжалиги томонидан 278 минг 817 тонна пахта хом ашёси топшириш бўйича мақсад белгилаб олинган. Уларнинг бу борадаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича муаммоларнинг аниқ тизими яратилган. Жумладан кластер соҳасини ривожлантиришдаги энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартибини соддалаштиришга қаратилиши белгиланди. Ҳозиргача кластерларга кредит 11 ойга ажратилади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса, камида 24 ой керак. Ерни экишга тайёрлаш ишлари октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктирилиб, январь-февраль ойларидан ажратилади.
Бу эскирган тизим, энди пахта ҳосилини молиялаштириш, шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади. Пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар, фақат кластерлар орқали молиялаштирилади. Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ажратиладиган маблағ, ҳосил етиштиришнинг амалдаги 60 фоизидан 80 фоизигача оширилади. Якуний ҳисоб-китоб учун кластер оладиган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан ошадиган қисмига бюджетдан компенсация ажратилади. Лўнда қилиб айтганда, кластер олган кредитини, хомашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтариши белгиланди
– Вилоятимиздаги 11та пахта-тўқимачилик кластерлари Пахтачи, Иштихон, Нарпай, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Оқдарё туманларидаги пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари амалда бу тизимнинг самарадорлигини кўрсатди, – дейди Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Отабек Холматов. – Бугунги кунда пахтачиликда жаҳон тажрибасини қўллаш соҳага инновацион технологияларни олиб кириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, жумладан касаллик ва зараркунандаларга қарши уйғунлашган ишлов бериш тизимининг йўлга қўйилганлиги ҳосилдорликни ошишига замин яратмоқда.
Таҳлил ва таққослашларга кўра, хорижда пахтадан 40 центнер ҳосил етиштириш зарар ҳисобланади, бизда эса яхши натижа. Энди эса бизда ҳам ҳосилдорликни оширишга эришилмоқда. Мисол учун, 2016 йилда вилоятда 91,5 минг гектар майдонда ғўза парваришланган бўлса, 2021 йилда пахта майдони 75,3 минг гектаргача қисқарди.
Ҳосилдорлик 25 центнердан 32,3 центнерга, хомашё етиштириш 215,5 минг тоннадан 243,5 минг тоннагача ошди. Бир гектардан ўртача даромад 2,4 дан 21,1 миллион сўмга, ўртача бир тонна пахта хомашёсининг харид нархи 973 минг сўмдан 7 100 сўмга, олинган даромад 222,6 миллион сўмдан 1 триллион 486,9 миллиард сўмга етди. Рентабеллик гектарига 3,8 - 18,4 центнерни ташкил этмоқда.
Ҳозирда вилоятнинг пахта-тўқимачилик кластерларида йилига 81880 тонна тола ишлаб чиқариш, 81466 тонна толадан ип-калава ишлаб чиқариш, 23126 тонна ип-калавадан мато ишлаб чиқариш, 22326 тонна матони бўяш,
10500 тонна матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.
2022 йилда янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига бу қувватлар сезиларли равишда ошди. 2021-2022 йиларда кластер корхоналарида 22 та инвестиция лойиҳа ишга тушиши кутилмоқда. Шунда икки минг саккиз юзта янги иш ўрни яратиш ва қўшимча 49,2 миллион долларлик маҳсулот экспорти режалаштирилган.
Бу йилги ёзнинг ҳар йилдан кўра иссиқ келиши пахта етиштирувчи кластерлар ва фермер хўжаликларини яна бир бор синовдан ўтказди. Мураккаб об-ҳаво шароитида ҳам омилкорлик билан иш тутилганлиги, ҳукуматимиз томонидан барча моддий ресурсларнинг ўз вақтида етказиб берилиши натижасида далаларда кўзланган ҳажмдаги ҳосил етиштирилмоқда.
Айни кунларда шундай мураккаб вазиятни инобатга олиб, пахта хомашёси харид нархининг оширилиши пахта етиштирувчилар учун яна бир имтиёз сифатида қабул қилинди. Жумладан ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 10 025 минг сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 15 120 минг сўмни ташкил этиши пахта етиштиришгача бўлган харажатларни қоплаш билан биргаликда соф даромад олишга ҳам имконият яратиб беради.
Шу билан биргаликда тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилаб беради.
Икром Аввалбоев, ЎзА