Содиқ Сафоев: Жорий йил вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдорлари коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилди
Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Давлат дастури ижроси бўйича Ҳукуматнинг парламентга ҳисоботи юзасидан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маъруза қилди.
Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Давлат дастури ижроси бўйича Ҳукуматнинг парламентга ҳисоботи юзасидан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маъруза қилди.
Маърузада бошқарув тизими самарадорлигини ошириш –ҳар бир давлат олдида турган доимий жиддий масала эканига эътибор қаратилди.
Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартиришдир. Замон иқтисодиётда ҳукумат улуши катта бўлган тизимнинг рақобатбардош эмаслигини кўрсатди. Шу боис маъмурий бошқарув ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кўрсаткичи ва унинг асосий йўналиши – хусусийлаштириш ва монополияга барҳам беришдир.
Молия ва капиталлар бозорларида давлат иштироки баландлиги сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатади. Тармоқ регуляторлари рақобатни ривожлантиришда сустлигича қолмоқда.
Бизнес субъектлари учун бозорга чиқишда сунъий тўсиқлар ҳали-ҳануз мавжуд.
Хусусийлаштириш ва монополияга барҳам бериш масалалари бевосита энг жиддий иллат – коррупцияга алоқадордир. Чунки унинг бирламчи илдизи иқтисодий тизимда. Ўта марказлашган, иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар мавжуд жамиятларда порахўрликка замин яратилади.
Бу давлат хавфсизлигига жиддий рахна солувчи жиноятга қарши мамлакатимизда тизимли ва изчиллик билан кураш олиб борилмоқда. Бироқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарасини ҳамон паст.
Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотига кўра, шу йил мобайнида турли вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдор шахслари коррупция аломатлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилди. Порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас. Унинг иқтисодий, ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий илдизларини бартараф этиш лозим.