Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сочида Евроосиё тоғ курортлари фестивали ўтказилади
08:56 / 2024-03-13

13-16 март кунлари Россиянинг Сочи шаҳридаги “Роза хутор” тоғ дам олиш масканида Евроосиё тоғ курортлари алянсига кирувчи давлатлар вакиллари иштирокида биринчи фестивал ташкил этилмоқда.

Ўтган йил июнь ойида Россиядаги “Роза Хутор”, Қозоғистондаги “Шимбулоқ” ва Ўзбекистондаги “Амирсой” тоғ дам олиш масканлари маъмурияти туризмни стратегик ривожлантириш учун платформа яратиш, Евроосиё маконида профессионал мулоқот, илғор тажриба ва тоғ курортларининг брендларини тарғиб қилиш мақсадида Евроосиё тоғ курортлари алянсини ташкил этиш ташаббусини илгари сурганди. Ноябрь ойида бу жараёнга Озарбайжондаги “Шоҳдоғ” дам олиш маскани ҳам қўшилди.  

Алянс ўз олдига мавсумий тоғ туризмини ривожлантириш ва фаол турмуш тарзини оммалаштириш, зарур маълумотлар ва илғор тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ходимлар ва дам олувчилар хавфсизлигини таъминлашнинг умумий стандартларини ишлаб чиқиш каби мақсадларни ҳам қўйган.

Евроосиё тоғ курортлари фестивали Евроосиё мамлакатлари тоғ туризми вакиллари ва шу соҳа мутахассисларини бирлаштирувчи тадбирларнинг биринчиси бўлади. Мазкур тадбир 2014 йилда ўтказилган Сочи олимпиадасининг ўн йиллигига бағишланган.

Унда Россия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Беларусь, ва Қирғизистондаги тоғ курорти масканлари раҳбар ва мутахассислари, туризм соҳаси вакилари иштирок этиши кутилмоқда.

Жумладан, мамлакатимиздан “Амирсой” дам олиш маскани вакиллари фестивалда қатнашади.  

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири