Буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уларнинг илмий ва адабий меросини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, миллий адабиёт ва маънавиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар таваллуд саналари юртимизда кенг нишонланиб, бу каби тадбирлар ёш авлодни маърифат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан кенг миқёсда тадбирлар ташкил этилмоқда.
Пойтахтимизнинг “Адиблар хиёбони” ҳам бугун ихлосмандлар билан гавжум бўлди. Барча мухлислар қаторида Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари ҳам буюк шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк аждод хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Тадбирда иштирок этган Энергетика вазири маслаҳатчиси Собиржон Қурбонов буюк шоир ва мутафаккирнинг бой маънавий мероси халқимиз учун беқиёс хазина эканини таъкидлади.
– Алишер Навоий асарлари нафақат адабий мерос, балки маънавий тарбиянинг мустаҳкам пойдеворидир. У зотнинг инсонпарварлик, илм-маърифат ва эзгуликка даъват этувчи ғоялари бугунги кунда ҳам жамиятимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Буюк аждодларимиз хотирасини улуғлаш, улар қолдирган меросни кенг тарғиб этиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Алишер Навоий мероси нафақат адабий қимматга эга асарлар тўплами эмас, балки миллий маънавиятимиз ва миллий онгимиз асоси. Унинг шеър ва насрий асарлари орқали инсонийлик, адолат, билимга интилиш ва эзгулик ғоялари тарғиб қилинади. Навоий ижоди ёш авлодни маърифат ва юксак ахлоққа тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Яна энг муҳими, ижодкорнинг асарларидаги ҳаётий масалалар ва инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Шу боис, шоирнинг меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳар биримиз учун улкан маънавий вазифадир, - деди С. Қурбонов.
Таъкидлаш керакки, бундай маърифий тадбирлар юртимизда миллий адабиёт ва маънавиятни тарғиб этиш, ёшларни буюк аждодларимиз меросига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА