Россия Президенти Владимир Путин транспорт вазири Роман Старовойтни лавозимидан озод қилди. Собиқ вазир орадан бир неча соат ўтиб, вафот этган. РФ Тергов қўмитаси марҳум хусусий машинасида ўқ жароҳати билан жонсиз ҳолда топилгани ҳақида хабар тарқатди. Фожиа сабаби “ўз жонига қасд қилиш” дея тахмин қилинмоқда.
Россия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ саҳифалари Старовойт Курск вилоятида истеҳком қурилиши вақти юз берган ўғирликка алоқадорлиги юзасидан тергов олиб борилаётгани ҳақида ёзмоқда. Душанба куни Путин Украина дронлари ҳаракати ортидан мамлакат ҳаво ҳудудида фуқаролик парвози билан боғлиқ жиддий узилиш ҳолатлари юзага келгани учун транспорт вазирини ишдан бўшатди. Кремль 2024 йил май ойида транспорт вазири этиб қайта тайинланишидан олдин Курск вилояти губернатори лавозимида ишлаган Роман Старовойт лавозимидан озод этилишининг аниқ тафсилоти ёки сабабини келтирмаган. Бинобарин, бу қарор Украина дронлари зарбаси туфайли дам олиш кунлари йирик аэропортларда юзлаб йўловчи рейслар тўхтатилганидан кейин содир бўлган.
“Росавиация” маълумотига кўра, шанба ва якшанба кунлари 485 рейс бекор қилинган. Умуман, “мамлакатнинг марказий қисмидаги аэропортлар учун ҳаво ҳудуди чеклови жорий этилгани” сабабли шанба куни эрталабдан душанба тонгига қадар 1900 га яқин рейс кечиктирилган. Кремль назоратидаги “Коммерсант” газетаси хабар беришича, бу авиакомпанияларга 200 000 евродан кўпроқ зарар келтирган.
Кремль маълум қилишича, Ҳаво мудофааси тизими якшанба куни кечқурун Москва томон йўл олган саккиз дронни уриб туширган. Олдин ҳам бир неча бор Украина дронлари ҳаракати сабаб Россияда ҳаво қатнови тўхтаган ва 350 рейс қолдирилган эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZHSEE0Mtxbo" title="Sobiq vazir olamdan o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА