Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
– Фуқароларимизнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, қонунга кўра ҳеч ким асоссиз равишда ишдан бўшатилиши мумкин эмас, – дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси Бобошер Мансуров. – Аммо шунга қарамай, кундалик ҳаётда меҳнат билан боғлиқ низолар учраб турибди. Жумладан, бўлимимизга фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 28 ноябрдаги суд ҳужжатига асосан қарздор – вилоят ИИБ ҳисобидан ундирувчи Р.Х. фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 115 миллион 864 минг сўм иш ҳақи ва 10 миллион 360 минг сўм маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушди.
Мажбурий прогул – бу муайян ходим иш берувчининг айби билан ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт саналиб, у иш берувчининг айби билан юзага келиши мумкин. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида вилоят ИИБдан собиқ ходим фойдасига 126 миллион 224 минг иш ҳақи ва маънавий зарар тўлиқ ундириб берилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА.