French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқ – соғинчдан ҳам, меҳрдан ҳам устун
18:46 / 2020-04-06

Шу кунларда ўз ҳифзу ҳимоясида деярли бутун дунё – уйда. Иллат теккан курраи замин иситмада ёняпти.


Шу кунларда ўз ҳифзу ҳимоясида деярли бутун дунё – уйда. Иллат теккан курраи замин иситмада ёняпти. Бу кутилмаган бало дунё иқтисодиётида, жамиятлар муносабатида, кўнгиллар қатида, ҳатто қадриятларда ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар келтириб чиқарди. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган гапнинг аҳамиятини ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турганини тушуниб етмоқдамиз. Соғинчдан ҳам, меҳрдан ҳам саломатлик биринчи ўринга кўтарилди.

Бир дўстимиз бир неча йиллар олдин Корея Республикасида ишлаб қайтган экан. Бугун қўлимиз кўксимизда масофа сақлаб кўришдик. Кулиб, кўрганларини айтиб берди.

Кореяда дўстлар ҳам, дугоналар ҳам, ота-оналар фарзандлари билан ҳам, эр-хотин ҳам икки қўли ёнида, эгилиб сўрашади, деди. Бағрига босиш йўқ, юзидан ўпиб қўйиш йўқ, қўл бериб сўрашиш йўқ. Бир йил кўришмаган бўлса ҳам.

Одатда шундай экан. Бизда ҳамми? Болангизни бир кун бағрингизга босмай тура оласизми?! Бизда бунинг тескариси. Фарзандлар яхши инсон бўлиб вояга етишлари учун ҳар куни бағрига босиб, унга меҳр бериш насиҳат қилинади. Бугунчи?

Ҳар тонг боласи пешонасидан ўпиб ишга кузатадиган, ишдан қайтганида бағрига маҳкам босиб кутиб оладиган ота-она хавотирда.

Ҳар тонг қўшниси, дўсти, жамоадоши билан қўл бериб, бир-бирини қучоқлаб кўришадиган биродарлар ўз эҳтиётида.

Юзини юзига қўйиб, бир-бирига табассум улашиб, борлиқни ёритувчи аёлларнинг юзига ниқоб тақилди.

Тўғри-да, асраганни – Ўзи асрайди.

Кутубхонада янги иш бошлаганимда бир устозимиз ўз тажрибалари, фикрлари билан ўртоқлашгандилар. Кутубхона шундай жойки, ҳар қандай вазиятда ҳам кутубхоначилар ўз иш жойида бўлиши керак (ўшанда уруш назарда тутилганди). Ташлаб кетиш бўлмайди. Ўшанда оқ осмон гувоҳ – китобни – миллатнинг беназир миллий маънавий меросини асраш шартлигини билганман.

Ҳозирда ҳамкасбларимизнинг аксарияти уйда қолишган. Айримлари масофадан туриб хизмат қиляпти. Ишхонамизга кириб келар эканман, ҳар куни кутубхонага аъзо бўлиш учун турна қатор бўлиб турадиган ука-сингилларим кўз олдимдан ўтяпти.

Шундай китобхонларимиз борки, дам олиш кунида ҳам, байрам кунлари ҳам, ҳатто яқинда таъмир жараёнида ҳам кутубхонага қатнашди. Улар шундай пайтларда ҳар сафар мендан рухсат сўрашади: “Ҳеч бўлмаса фойеда (китоб) ўқиб ўтирамиз”. Бажонидил рози бўламан.

Карантин эълон қилинганда ҳам келишди. – Бу сафар энди иложи йўқ, сизнинг соғлиғингиз биз учун муҳим. Уйда қолиб, ўзингизни асранг, дедим.

Республика бўйлаб, Миллий кутубхона бошчилигида масофадан туриб хизмат қилиш йўлга қўйилган. Хоҳ электрон кўринишда, хоҳ аудио бўлсин, сўраган китоблари интернет орқали етказиб бериляпти. Ҳар куни минглаб шундай сўровлар бажариляпти. Катталаримиз вақт қадрини теранроқ ҳис қилиб, китоб ўқиш, фарзандларнинг мутолааси билан шуғулланиш нақадар муҳим эканини тушуниб етганларидан хурсанд бўляпмиз.

Умидимиз шуки, Тангри таоло бу офатдан, бу балодан, бу иллатдан юртимизни, яқинларимизни узоқ қилади. Биз яна қадрдон жамоамиз билан севимли ишимизга қайтамиз. Кутубхона Сизга маърифат, зиё тарқатишни бошлайди. Биз Сиз учун ишдамиз, Сиз биз учун ўзингизни асранг! Юртимизни, дунёни асранг.

Шоҳидбек Аслонов, 
Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят
ахборот-кутубхона маркази директори