Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Тошкент шаҳри 150 та “Ford” русумли замонавий тез тиббий ёрдам реанимобиллари билан таъминланади
18:08 / 2019-11-07

Бугун юртимиз тиббиётида тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги янгиланишлар кўлами ва қамрови тобора ортиб бормоқда. Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.


Бугун юртимиз тиббиётида тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги янгиланишлар кўлами ва қамрови тобора ортиб бормоқда. Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

— Тез тиббий ёрдам хизматининг тезкор ва самарали бўлиши, замонавий автомобилларнинг сони ва улардаги шарт-шароитларга ҳам ҳар жиҳатдан боғлиқ, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори ўринбосари Илҳом Исломов. — Шу боис 11,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги “Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” лойиҳаси доирасида Хитойнинг “Henan Costar Group” компанияси томонидан замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 150 та “FORD” русумли тез тиббий ёрдам реанимобиллари юртимизга етказиб берилиши кўзда тутилган эди. Ҳозирда уларнинг дастлабки 9 таси етказиб берилди. Йил якунига қадар 141 та ана шундай тез тиббий ёрдам автомобиллари олиб келиниши режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати, ушбу тез тиббий ёрдам автомобилларининг салон қисмига замонавий видеокузатув камераси ўрнатилган бўлиб, бу масофадан (call-марказдан) шифокор томонидан аҳволи оғир беморлар учун керакли маслаҳат ва тегишли кўрсатмалар бериш имкониятини яратади.

Шунингдек, “Huawei” компанияси билан 155 миллион АҚШ доллари қийматидаги “Республиканинг барча ҳудудларида тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида хитойлик ҳамкорлар билан керакли маблағларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тез тиббий ёрдам хизмати call-марказларини замонавий АКТ билан жиҳозлаш ва мавжуд тез тиббий ёрдам транспорти автопаркини янгилаш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, замонавий сall марказлари ишга туширилиши билан ҳам қатор муаммолар бартараф этилади. Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг Call-марказида жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, “Henan Costar Group” компанияси томонидан етказиб берилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Шунингдек, автоматлаштирилган тез тиббий ёрдам хизмати бошқарув тизими синов тарзида жорий этилиб, ҳозирда мазкур тизимдан фойдаланадиган ходимларни ўқитиш ишлари бошланмоқда. Жорий йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ушбу тизим тўлиқ ишга туширилади.

Бундан ташқари, кейинги босқичда онлайн, яъни мобил иловалар ишлаб чиқилмоқда. Яъни беморнинг ўзи бевосита планшет ёки телефон орқали мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу вазифалар босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

Бу каби қулайликлар туфайли ҳар бир чақириқни қайта ишлаш учун бир дақиқадан кам вақт сарфланади. Натижада тезкорликка эришилади. Аҳолига малакали ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имконияти янада ортади.