Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш ва давлат харидлари тизимида коррупция хавфини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди
10:44 / 2019-08-28

Коррупцияга қарши курашиш бўйича сайёр тренингда шу ҳақда маълумот берилди.


Коррупцияга қарши курашиш бўйича сайёр тренингда шу ҳақда маълумот берилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашиш” мавзусида тренинг ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва Бош прокуратура Академияси томонидан ташкил этилган тадбирда Олий суд, Бизнес-омбудсман, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари ҳамда давлат органларининг идоравий мувофиқлаштирувчилари иштирок этди.

Тадбир БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистондаги самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда ҳамда Осиё-Тинч океани минтақасида тинч ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Глобал лойиҳаси (ACPIS) доирасида ташкил қилинди. 
Уч кун давом этган тренингда 2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашишни амалга оширишга ягона ёндашув зарурлиги масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро экспертлар БМТ Тараққиёт дастурининг коррупцияга қарши курашиш Глобал Дастурининг маслаҳатчиси Анга Тимилсин ҳамда таҳлилчиси Шарлин Луи, ACPIS раҳбари Аида Арутюнова коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро тажриба ва стандартлар бўйича маъруза қилди.

Тажриба алмашиш билан бир қаторда, халқаро экспертлар ва маҳаллий иштирокчилар ўз билим ва малакалари бўйича иш олиб бордилар. Жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда Глобал ривожланиш кун тартиби доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб бориладиган ишлар ҳисоботи ва самарали мониторингига алоқадор кўникмалар бўйича маълумот берилди.

Иштирокчилар барқарор ривожланиш миллий стратегиялари доирасида коррупцияга қарши интеграция мақсадида соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш ва давлат харидлари тизимида коррупция хавфларини аниқлаш малакаларига эга бўлди.