English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш соҳасида қандай ўзгаришлар юз берди?​
09:28 / 2019-12-27

Қишлоқ врачлик пунктларидан фарқли равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда, бешта тор мутахассис – гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог, ультратовуш таҳлил аппаратида ишлайдиган шифокор фаолияти таъминланди.


Ўзбекистон – улкан салоҳиятга эга мамлакат. Бу фикрни бугун дунё жамоатчилиги бот-бот эътироф этмоқда. Чиндан ҳам, мустақил тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган юртимиз иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият, спорт, айниқса, тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришмоқда.

Snimok.png

Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори

Янги йил байрами арафасида ортга назар ташлар эканмиз, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганига ва ушбу жараёнлар изчил давом этаётганига гувоҳ бўламиз.

Ушбу жиҳатларни соғлиқни сақлаш соҳасида жадаллик билан кечаётган ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Айниқса, сўнгги уч йилда тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалар, тиббиёт муассасалари фаолиятига оид тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди.

Ислоҳотлар жараёнида тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратилгани бугун ўз самараларини бермоқда. Аввало, илгари самарасиз ишлаган бир қатор қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 800 тага яқин қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Бугунги кунда аҳолига яқин жойлашган поликлиникаларга кимдир шифо истаб, кимдир тиббий маслаҳат олиш илинжида мурожаат қилиб, талаб ва эҳтиёжига мос тиббий хизмат олишмоқда. Қишлоқ врачлик пунктларидан фарқли равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда, бешта тор мутахассис – гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог, ультратовуш таҳлил аппаратида ишлайдиган шифокор фаолияти таъминланди. Шаҳар оилавий поликлиникаларида эса ўнта йўналишда тор мутахассислар аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Яна бир муҳим соҳа – оилаларга бориб аҳоли орасида тиббий маданият тарқатувчи патронаж ҳамширалар фаолияти такомиллашаяпти. Табиийки, бундай шароитда халқимизда тиббий хизматга нисбатан ишонч ва қониқиш ҳисси ортмоқда.

Маълумки, ҳар бир соҳанинг ривожи унинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши билан боғлиқ. Шу маънода, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллашаётанини алоҳида эътироф этиш керак. Масалан, кейинги йилларда ушбу йўналишда 140 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашмоқда. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узаймоқда. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Эътибор беринг, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга жорий йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди, бу ўтган йилдагига қараганда 1,3 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш яхшиланаяпти. Жорий йилда 231 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришда давлат бюджетидан 972 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик – 3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида муҳим вазифалар белгилангани, айниқса, аҳамиятлидир. Унда тиббиёт соҳаси ривожи йўлида қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, халқаро стандартлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш, тизимни молиялаштириш ва ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини қўллаш, инвестицияларни жалб этишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг татбиқ этиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида ҳам жадал ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 5 мингдан зиёд хусусий клиника фаолият юритаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган ойларида мамлакатимиз бўйича 500 тага яқин хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Эътиборлиси, улардан 20 тага яқини чет эл инвестицияси иштирокида амалга оширилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат давлат ҳамда хусусий секторларнинг биргаликда ишлаши, инвесторларнинг юртимиз ҳудудида, давлат секторида фаол иш юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Эндиликда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга.

Охирги икки йилда тез тиббий ёрдам хизматининг махсус санитар автотранспорт парки қарийб 1500 та янги автомашиналарни харид қилиш эвазига буткул янгиланди. Уларнинг умумий сони 2400 га етказилиб, тизимнинг махсус автотранспортга бўлган талаби мамлакатимиз тарихида биринчи марта тўлиқ қоплангани қувонарлидир. Тез тиббий ёрдам машиналарининг 10 фоизини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани тез тиббий ёрдам хизмати халқаро мезонлар даражасига кўтарилганидан далолатдир.

Статистик маълумотларга кўра, биргина жорий йилнинг 9 ойида шошилинч тиббий ёрдам хизматига жами 10 миллион 700 мингга яқин бемор мурожаат қилган, шулардан қарийб 7 миллион 800 минг нафари 103 тез тиббий хизмати бўйича, 2 900 мингга яқин бемор эса стационар муассасаларга мурожаат этишган. Улардан 2 200 мингга яқинига амбулатор ва 700 мингдан зиёдига эса стационар ёрдам кўрсатилган.

Мураккаб операциялар ўзимизда амалга оширилаётгани халқимизга зўр енгиллик бўлди. Маҳаллий шифокорлар томонидан буйрак ва жигар трансплантацияси каби энг қийин амалиётлар муваффақиятли ўтказилаётгани эътиборга молик воқеадир. Илгари, ҳозирда ўзимизда ҳам оддий ҳолга айланиб бораётган мураккаб операциялар учун катта-катта пул сарфланиб, Ҳиндистон, Германия, Жанубий Корея, Россия, Америка каби тиббиёти ривожланган давлатларга борилар эди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида кейинги йилларда даволашнинг 500 дан ортиқ янги ва самарали усуллари қўлланила бошланди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида “Ақлли тиббиёт” технологияларини қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор. Бу ҳам юртимизда тиббиётнинг жадаллик билан ривожланаётганини исботлайди.

Ҳозирда мамлакатимизда хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, эндокринология, онкология, неврология, аллергология каби ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди.

Қувонарлиси, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудларда 53,8 мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 1358 та оператив муолажалар бажарилди, шулардан 775 таси юқори технологияли операциялардир. Натижада юқори технологияли операциялар улуши 57 фоизга етди. Янги диагностик усуллар сони 144 тани ва янги даволаш усуллари 208 тани ташкил қилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон – улкан салоҳиятга эга мамлакат. Бу фикрни бугун дунё жамоатчилиги бот-бот эътироф этмоқда. Чиндан ҳам, мустақил тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган юртимиз нафақат тиббиёт соҳасида, балки барча соҳаларда катта ютуқларга эришмоқда. Зеро, янги йилга янги қадамлар, янги орзу-умидлар билан қадам қўяётган халқимиз ортда қолаётган йил барокатли бўлгани каби келаётган йил унданда хайрли бўлишига, ислоҳотларга янада бой бўлишига ишончи баланд.