Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 18 та жиноят иши қўзғатилди
19:10 / 2020-09-03

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.


Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг бу борадаги қарор ва фармонлари ижроси Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Фуқароларнинг карантин чекловлари, санитария-эпидемиология қоидаларининг талабларига риоя этиши инфекция тарқалиши олдини олишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолмоқда. Карантин чекловлари шароитида аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларига эҳтиёжини тўкис қондириш, нарх-наво асоссиз равишда оширилишининг олдини олиш чоралари кўриляпти.

Бозорлар ва дорихоналарда нарх барқарорлиги сақланиб, маҳсулотлар тақчиллигининг олди олинмоқда. Назорат тадбирлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий дори-дармон воситалари нархини оширган 156 нафар, карантин чекловлари талабларига амал қилмаган 65 минг 82 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 7 та қўпол қонун бузилишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Аҳоли соғлиғини профилактика қилиш ва даволаш учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 21 турдаги дори воситаларининг 3 ойлик захираси яратилди.

Фуқаролар “тез ёрдам” бўлимларига “103” рақами орқали мурожаат этганларда бирон-бир бандлик ҳолатлари бўлмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилди. Барча “тез ёрдам” бўлимлари раҳбарлари ҳар бир қўнғироқ асосида жойига белгиланган муддатда етиб боришини таъминлаш ва қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик борасида расман огоҳлантирилди. Шу билан бирга, “тез ёрдам” станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари қатъий назоратга олинди. 20 та янги “тез ёрдам” автотранспорт воситаси харид қилиниб, прокуратура органларининг бевосита ташаббуси билан “тез ёрдам” бўлимлари биноларининг 7 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Фарғона шаҳридаги 2 та ва Фурқат туманидаги тез тиббий ёрдам подстанциясида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланди. Риштон, Бешариқ ва Фарғона туманларида таъмирлаш ишлари тез орада тамомланади.

Бундан ташқари, “тез ёрдам” автомобилларини радиоалоқа билан тўлиқ таъминланиши учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди.

– Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 6 ойида соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар давомида қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 58 та тақдимнома киритилди, –дейди вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Нодиржон Жалолов. – 151 нафар мансабдор шахс интизомий, 9 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилишлар юзасидан 18 та жиноят иши қўзғатилди, 132 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ҳамиша саодатли лаҳзаларни шукроналик билан, синовли дамларни сабр билан қарши оладиган ҳар бир юртдошимизни бугунги вазият жиддий синовдан ўтказаётгани бор гап. Мана шундай кунларда аҳоли саломатлиги биринчи галдаги вазифа сифатида устуворлик касб этган, уларга кўрсатиладиган сифатли тиббий хизматга талаб ортган экан, бу борада келиб чиқадиган муаммоларни батараф этиш ҳам муҳим. Тиббиёт муассасаларининг зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланиши хизмат кўрсатиш сифатининг ортишига хизмат қилади.