Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Соҳибқирон ясаттирган улкан дошқозонда Наврўз таомлари пиширилган
16:11 / 2020-02-11

Табиатдаги ҳар бир янгиланишнинг инсон қалбида жилваланиши рост.


Табиатдаги ҳар бир янгиланишнинг инсон қалбида жилваланиши рост. Шу сабабли кўкламни интиқ кутамиз. Баҳорда баҳри дилимиз яйраб кетади. Яшилликнинг уйғонишидан куч оламиз...

Наврўзи оламнинг сиру синоати шунда! Кун ва тун тенглиги бу – астрономик ҳодиса! Аслида, бу ерда янада жумбоқли тенглик ҳам бор. Яъни инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик! Янгиланиш фаслида ана шу мезон асл мувозанатига қайтади.

Наврўз фалсафасини шу билангина изоҳлаш ноўрин, албатта. Чунки байрамларимизни боқий қиладиган жиҳатлар бисёр. Улардан энг муҳимлари – қадриятлар, таомиллар, эзгу амаллар ва албатта, таомлар...
Тўғри, ҳозирги инновациялар асрида қўзиқоринни момақалдироқсиз ҳам сунъий етиштириш, кўк сомсаю сумалакни йилнинг бошқа фаслларидаям пишириш, варракни эса шамол эсган исталган пайтда учириш мумкин. Аммо Наврўз айёмида буларнинг гашти ўзгача. Қолаверса, жанжаллашиб, хафалашиб қолганларнинг ярашиши, муҳтожларга хайру саховат кўрсатилиши, очиқ осмон остидаги турли томошалар, беллашувлар, ўйинлар... Буларнинг бари ушбу байрамга ўзгача файзу шукуҳ бағишлайди.

Шу ўринда бир қизиқарли факт. Эсингизда бўлса, бир неча йил олдин Наврўз айёми арафасида мега палов лойиҳаси асосида ўрнатилган антиқа рекорд юртимиз ошпазлари довруғини дунёга ёйганди. Учинчи минг йилликда инсониятни ҳайратга солиш қийин бўлса-да, аммо ҳамюртларимиз бунинг уддасидан чиқишганди. Ўз навбатида, худди шу рекорд орқали Ўзбекистон металлурглари ҳам жаҳонга танилганди. Табиийки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланган улкан дошқозон орқали!

Тарихий фактларнинг далолат беришича, бундай оламшумул кўрсаткичлар ўтмишда ҳам кўп қайд этилган. Ҳатто бу каби улкан қозонлар ҳақида афсоналар бор. Масалан, буюк муаррих Геродотнинг “Тарих” асарида шундай лавҳа келтирилади: “Бу баҳайбат мис қозон скиф хоқони Аррианнинг фармонига кўра ясалган эмиш. У ўз фуқаролари сонини билиш мақсадида ҳар ким биттадан камон ўқи учини олиб келишини буюрибди. Ҳаш-паш дегунча сарой майдонида пайконлар учи тоғ бўлиб уюлибди. Хоқон бу ўқларнинг барини эритиб каттароқ қозон ясашни амр этибди. Шу тариқа скиф-сакларнинг афсонавий мис қозони пайдо бўлган экан. Наврўзни шодиёна сифатида тантана қилган саклар йилбоши куни ана шу улкан қозонда тайёрланган сумалакдан эзгу ниятлар билан тановул қилишган.

Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам Наврўз муносабати билан Самарқандда, унинг атрофидаги Конигилда, Кўҳак тепалигида, Кешдаги Оқсарой, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси атрофларида “Қозон тўлди” маросими таомлари соҳибқирон бобомиз ясаттирган қозонларда пиширилгани хусусида тарихий маълумотлар бор. Тўғри илғадингиз, гап Амир Темур буйруғи билан ясалган қирқ қулоқлик улкан дошқозон ҳақида кетмоқда. Айни пайтда у қўшни Қозоғистон Республикасига қарашли Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбараси ёнига ноёб ёдгорлик сифатида ўрнатилган.

Кўрсаткичларни қиёслаймиз. Саркарда бобокалонимиз қуйдиртирган қирқ қулоқли дошқозоннинг вазни 2 тоннага тенг. Рекорд сифатида қайд этилган мега палов эса бундан қарийб 4 баробар оғир, яъни 7070 килограммлик улкан қозонда дамланганди.

Тарихий дошқозоннинг диаметри 2,47 метрга тенг бўлса, биздагиси 4,2 метрдан иборат. Амир Темур ясаттирган улкан идиш 600 челак сув билан тўлса, олмалиқлик металлурглар уни 8 минг литр сув сиғадиган қилиб қуйишган. Бу тахминан 1000 челакка тенг кўрсаткич. Шу сабабли 2017 йили чуқурлиги 1 метрлик қозонда салкам 1 900 кг гуруч, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба, 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз, 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув солиниб, умумий оғирлиги 8 тоннадан иборат ош тайёрланди.

Ўйлаймизки, улкан дошқозонларда пишириладиган тансиқ таомларимиз бу йилги Наврўз дастурхонига ҳам кўрк бағишлайди.