Бугун Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми ўз ишини бошлади. Мазкур анжуманда 15 мамлакатдан, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатларидан 50 га яқин етакчи диншунос, илоҳиётшунос, эксперт ва юқори мартабали шахслар иштирок этмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Қўшма Штатларнинг “Love Your Neighbor Community” (LYNC) нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат дин эркинлиги ва диний бағрикенгликни ривожлантириш бўйича истиқболдаги ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратади.
– СМТИ билан ҳамкорлигимиз шунчаки ғояларни муҳокама қилиш эмас, балки ушбу ғояларнинг жамиятда қандай амалга оширилиши мумкинлигини амалий жиҳатдан ривожлантиришдан иборат, -деди “LYNC” раҳбари Уэйд Кьюзак.
Маълумот ўрнида: “LYNC” 2017 йилда АҚШда асос солинган. Давлат органлари, фуқаролик ташаббуслари ва диний жамоалар билан ҳамкорликда ушбу ташкилот турли ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
Ў.Алимов,
Р.Назарматов (фото),
ЎзА