Exploding Topics томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2024-йилда дунё аҳолиси смартфонлардан фойдаланишга ўртача кунига 4 соат 37 дақиқа вақт сарфлаган. Бу рақам ҳафтасига 1 кундан ортиқ, ойига қарийб 6 кун, йилига эса қарийб 70 кунни фақат телефон экранига қараб ўтказиш деганидир.
Японияда рекорд даражадаги паст кўрсаткич қайд этилган. Бу мамлакат аҳолиси кунига ўртача атиги 1 соат 47 дақиқа вақтини смартфонларга сарфлаган бўлиб, дунё бўйича энг яхши натижа сифатида қайд этилган. Гана аҳолиси телефон экранига энг кўп тикиладиган халқ сифатида биринчи ўринда турибди. Ганаликлар кунига 5 соат 43 дақиқа вақтини мобил қурилмаларга ажратади.
Ҳисоботда одамларнинг смартфонни қўлга олиш одати ҳам таҳлил қилинган. Ўртача фойдаланувчи телефонини кунига 58 марта текширади, шундан қарийб 52 фоизи иш вақтида содир бўлади. Қизиқарли томони шундаки, барча экран сессияларининг ярми олдинги фойдаланишдан атиги 3 дақиқа ўтмасдан бошланади. Ҳар сафар телефон қўлга олинганда эса одамлар ўртача 1 дақиқа 15 сония вақт сарфлайди.
Z-авлод вакиллари орасида телефонларга қарамлик янада яққол кўринмоқда. Ҳисоботда келтирилишича, ушбу авлоднинг 4 дан 3 нафари ўз вақтини смартфонда ортиқча сарфлаётганини тан олган.
Рейтингга дунёнинг турли минтақаларидан жами 53 та давлат киритилган. Улардан Жанубий Америкадаги 4 давлат ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 3 мамлакат энг кўп вақт сарфловчилар ўнталигига кирган. Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон бу рўйхатда келтирилмаган.
Ҳисобот натижалари шуни кўрсатадики, смартфонлардан фойдаланиш одатлари мамлакатдан мамлакатга кескин фарқ қилади. Японияда аҳолининг интизомли ва меъёрида фойдаланиши мисол бўлса, бошқа кўплаб давлатларда телефон инсон ҳаётининг энг катта “вақт ютқазувчи” омилига айланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IuvvVphjj9U" title="Smartfonlardan foydalanish bo‘yicha global reytingi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА