Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Smart mahalla” электрон дастури – қулай ва фойдали
14:13 / 2023-05-04

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш ички ишлар органларининг асосий вазифасидир.

Ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш ҳамда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга эришиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан “Smart mahalla” мобиль ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ҳозирда дастур Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов тариқасида жорий этилмоқда.  

Мазкур ахборот тизими орқали фуқароларга масофадан туриб электрон хизматлар кўрсатилади. Шу билан бирга маълумотлар актуаллигини таъминлаш мақсадида “Smart mahalla” мобиль ахборот тизими Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди.  

Фуқаро (фойдаланувчи) ўзи истиқомат қилувчи маҳалла кесимида “Smart mahalla” мобиль ахборот тизимида рўйхатдан ўтганидан сўнг, унга тизимнинг қуйидаги функцияларидан фойдаланиш имконияти яратилади:  

–“Менинг маҳаллам” йўналишида маҳалла раиси, маҳалла демографик маълумотлари ва бириктирилган сектор раҳбари, шунингдек, маҳалла идораси ва сектор штабининг геожойлашуви ҳақидаги маълумотларни олиш, сектор фаолиятига баҳо бериш;  

— “Менинг инспекторим” йўналишида маҳалла профилактика инспектори ҳақидаги асосий маълумотларни ва ҳуқуқ-тартибот масканининг геожойлашуви тўғрисидаги маълумотларни олиш, шунингдек, профилактика инспекторига баҳо бериш;  

— “Ҳудуд гео-харитаси” йўналишида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида, давр оралиғида кузатиш;  

– “Давлат органларига мурожаат” йўналишидаги ҳаволалар орқали давлат органларининг сайтларини юклаб, зарурий ахборотлар билан танишиш ва ушбу органларга ўрнатилган тартибда мурожаат йўллаш;  

—“Қидирувдаги ва бедарак йўқолган шахслар” йўналишида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қидирув эълон қилинган ва бедарак йўқолган деб топилган шахслар ҳақидаги сўнгги маълумотларни кўриш;  

—“Секторга мурожаат” йўналиши орқали сектор томонидан кўриб чиқишга ваколат берилган масалалар юзасидан мурожаат юбориш ҳамда кўриб чиқиш натижасини кузатиб бориш;  

—“Болани масофадан назорат қилиш” йўналишида ота-оналарга таълим муассасаларининг турникет, ГПС-трекер ва кузатув камералари тизимларига уланган ҳолда фарзандларини назорат қилиб бориш;  

—“Менинг ҳужжатларим” йўналишида фойдаланувчига тегишли шахсни тасдиқловчи (машинада ўқитилувчи майдон ҳамда НФC қурилмага эга ҳужжатлар) ва бошқа ҳужжатларни (ИД-карта, манзил варақаси, паспорт нусхаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси ва бошқалар) Ички ишлар вазирлигининг тегишли маълумотлар базаларига мурожаат қилган ҳолда олиш, уларни дастурнинг сервердаги хотирасида сақлаш, турли қурилмалар орқали рўйхатдан ўтиб юклаш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида реал вақт давомида тақдим этиш;  

— “СОС” йўналишида «101», «102», «103», «104», «1050» ва «1173» қисқа рақамларига шошилинч хабар йўллаш, шунингдек «102» тизими орқали мурожаат ижроси доирасида жалб этилган куч-воситаларни жойлашуви ва ҳодиса жойига қараб ҳаракатланишини реал вақт давомида кузатиб бориш.  

“Smart mahalla” мобиль иловасининг ишлаш принципи очиқлик сиёсатини юритиш, фуқароларнинг тегишли давлат органларига мурожаат қилишларидаги жараёнларни максимал тарзда автоматлаштиришга қаратилган. Мазкур ахборот дастурини жорий йил якунига қадар республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этиш белгиланган.  

Ирода Қаххорова, ЎзА