Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Скрининг текшируви беморларни даволашга кўмаклашади
17:04 / 2024-10-17

Сирдарё вилоятидаги Гулистон тиббиёт кластерида “Қандли диабет скрининги ва мониторинг олиб бориш” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Севара Фахрутдинова иштирок этиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, у ерда фаолият олиб бораётган оилавий шифокорлар томонидан қандли диабет ва диабет олди ҳолатининг олдини олиш бўйича 40 ёшдан ошган беморлар, уларнинг саломатлик кўрсаткичини ўрганиш мақсадида ўтказилган скрининг текшируви натижаларига эътибор қаратди. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 27 мартдаги “Аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш, скрининг дастурларини самарали ўтказиш, аниқланган касалликлар бўйича манзилли соғломлаштириш ишларини ташкиллаштириш бўйича штаблар ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи асосида ишни ташкил этиш, етказиб берилган глюкометр ва тест япроқчаларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан тавсия ва маслаҳатларини берди.  

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар 100 кишидан 9-10 нафари қандли диабет билан касалланган бўлиши мумкин, – деди тренинг машғулотларида иштирок этган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Юсуф Мирхонов. – Бизда бу кўрсаткич ҳар 100 кишига 3-4 нафарни ташкил этмоқда. Беморлар касалликнинг асоратлари юзага чиққандан кейингина шифокорга мурожаат қилмоқда. Бундай вазиятда беморни соғлом ҳаётга қайтариш анча мураккаблашади ва касаллик давом этиши оқибатида тез фурсатда ногиронлик ёки ўлим ҳолати кузатилиши мумкин. Скрининг ўтказишдан асосий мақсад эса, касалликни яширин даври ёки эрта босқичда аниқлаш, асоратларининг олдини олиш ва беморнинг ҳаёт сифатини яхшилаш. Айниқса, скрининг натижасида диабет олди ҳолати аниқланган беморларни тўлиқ тузатиш имкони мавжуд. Семинарни ўтказишдан кўзланган мақсад патронаж ҳамшираларга аҳоли ўртасида қандли диабетга мойиллиги бўлган фуқароларни саралаш, уларнинг қонидаги қанд миқдорини глюкометр ёрдамида тўғри ўлчаш, натижаларни таҳлил қилиш, хавф омили мавжуд бўлганларни тиббиёт муассасасига йўналтиришдир.  

Семинар-тренинг шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пункти тиббиёт ходимлари фаолиятида ниҳоятда фойдали эканлиги билан муҳим аҳамият касб этади.  

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири