Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Скрининг дастурлари бачадон бўйни саратонидан ўлим ҳолатини 80 фоиз қисқартиради
19:18 / 2022-05-25

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар йили ярим миллиондан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинади. Уларнинг уч юз мингдан кўпи бир йил ичида ҳаётдан кўз юмади.

Бунга сабаб касаллик кеч аниқланиши натижасида даволаш имконияти камайиши экан. Хайриятки, ҳозир бу хасталикнинг олдини олиш мумкин, чунки саратонни чақирувчи одам папиллома вируси аниқланган. Мазкур вирусга қарши вакцина ҳам яратилган. Бу кашфиёт учун олмониялик вирусолог 2008 йил Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Мутахассислар қайд этишича, турли сабабга кўра юзага келадиган бачадон бўйни саратони ҳануз дунё соғлиқни сақлаш жамиятининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Афсуски, 15-45 ёш оралиғидаги фуқароларимиз орасида ҳам жуда кўп учрайдиган бу хасталик ўлим ҳолати сони бўйича сут бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Бу борадаги 2020 йил маълумотида 1 650 беморга мингта ўлим ҳолати тўғри келган.

Таҳлилларга қараганда бу кўрсаткич йил сайин ортиб бориши эҳтимоли бор.

Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш, уларда кечаётган касалликларни эрта аниқлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йил Вазирлар Маҳкамаси томонидан Саратонни назорат қилиш ва ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича миллий режа тасдиқланган. Ушбу лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб бачадон бўйни саратонига оид комплекс скрининг жорий этилишини тақозо этади. Режада мазкур хасталикни даволаш ва паллиатив ёрдамни кучайтириш чорасига қўшимча равишда ОПВ (одам папилломаси вируси)га қарши эмлаш ва бачадон бўйни саратони скрининги ҳам назарда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТ Аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси (ЮНФПА) ҳамкорлигида ҳам турли лойиҳалар йўлга қўйилган. Қишлоқ одамлари, шунингдек Оролбўйи ҳудудида экологик ҳалокатга тўқнаш келган ҳудуд аҳолисини қамраб олувчи репродуктив саломатлик бўйича комплекс стратегия ишлаб чиқилган.

ЮНФПА томонидан Япония ҳукумати молиявий кўмаги билан Қорақалпоғистон Республикасида яна бир йирик қўшма ташаббус - Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун одам ОПВ тести ўтказилмоқда. Бачадон бўйни саратонини эрта босқичда аниқлашга қаратилган мазкур лойиҳа асосида тўғри даволаш бемор 100 фоиз тузалишига олиб келиши мумкин. Дастур доирасида эришилган барча натижалар саратон касалликлари Миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилади.

Лойиҳани жорий этиш ва ишга тушириш мақсадида, жумладан, 30-55 ёшдаги 50 минг нафар аёл билан бачадон бўйнидаги ўзгаришларни эрта босқичда аниқлаш учун ОПВ тести ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш бирламчи бўғинида гинеколог, оилавий шифокор, патронаж ҳамшираси ва доялар ўқитилди.

Текширув натижасида 49 140 тестдан 3 290 таси мусбат натижа берган. Патология аниқланган барча беморлар кейинги маслаҳатлашувга ёки тор доирадаги мутахассисга йўналтирилган. Синовдан ўтган, мусбат ОПВ таҳлилига эга 759 аёлга онкология бўлимига йўлланма берилди. Жумладан, 9 беморда бачадон бўйни саратони бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бачадон бўйнида энг кам миқдорда шикастланиш даражаси аниқланган 237 нафар аёл поликлиникада термоамбляция ёки радиотўлқинли коагуляция муолажасини қабул қилди.

- Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ОПВ тестини ўтказиш, саратон хасталиги мавжуд аёлларни даволашга қаратилган, - дейди ЮНФПАнинг Репродуктив саломатлик дастури координатори Наргиза Фузаилова. - Истиқболда бачадон бўйни саратони бўйича скрининг миллий дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутиляпти. Скрининг дастурлари янги касалланиш ҳолати даражасини камайтириш билан бир қаторда бачадон бўйни саратони сабаб юз берадиган ўлим ҳолатини 80 фоиз қисқартиради.

2021 йил январь ойида лойиҳа доирасида одам папилломаси вирусини аниқлаш учун қурилма ва тест тизими олиб келинди. Хусусан, Япония ҳукумати маблағи ҳисобидан харид қилинган 8 машина ва 50 минг тест Қорақалпоғистон Республикаси туман кўп тармоқли поликлиникаларига топширилди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида бачадон бўйни саратони скрининги бўйича Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида скрининг тадқиқоти ўтказиш учун қўшимча 2 та машина ва 6 минг тест сотиб олинди.

Бундан ташқари жорий йил февралда ЮНФПА томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бирламчи даражали саратон олди шикастланишини даволаш учун 2 та радиотўлқинли қурилма берилди. Натижада бирламчи тиббий-санитар босқичда фаолият юритаётган қорақалпоғистонлик шифокорлар аёлларга ҳосилани даволаш учун эрта босқичда зарур ёрдам кўрсатиш, бачадон бўйни биопсиясини амалга ошириш, бачадон бўйни гиперкератози ҳолатида диатермоэлектрокоагуляция ўтказиш ва қон кетишини тўхтатиш имконига эга бўлди.

- Аёллар, оналар саломатлиги оила мустаҳкамлиги асоси, - дейди “Аёллар саломатлик маркази” аккушер-гинекологи Муҳаббат Аҳмедова. – Шу боис хотин-қизларнинг тиббий маданияти юксаклиги, ўз соғлигига эътиборли бўлиши оилада соғлом муҳитни шакллантиради. Аслида папиллома вируси одам организимида жуда кўп учрайди. Бинобарин, вирус юққанларнинг ҳаммасиям онкология хасталигига чалинавермайди. Зеро, иммунитет вирусни организмдан ҳайдаб чиқариши ҳам мумкин. Баъзи инсонларда вирус кўп йил давомида организмдан қолади ва рак олди ҳолатини келтириб чиқаради. Агар рак олди ҳолати эрта аниқланса, вақтида самарали даволанса, саратон касаллигининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун аёлларни оммавий равишда, вақтида тиббий кўрикдан, скрининг текширувидан ўтказиш зарур. Хотин-қизлар ҳар беш ва етти йилда шундай текширувдан ўтиши лозим. Бачадон бўйни саратони скрининги бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш, аёлларни ушбу лойиҳага кенг жалб қилиш, хотин-қизларда тиббий маданиятни шакллантириш керак.

Муҳими, энди олис туманларда, қишлоқларда истиқомат қилаётган аёллар онкология марказларига бориши шарт эмас. Улар ўз поликлиникаларида саратон олди шикастланишини даволаш бўйича барча хизматлар кўламидан фойдаланиши мумкин.

Гўзал Сатторова, ЎзА