9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон уруши туфайли бошига тушган аччиқ қисматни халқимиз чуқур қайғу билан эслайди. Негаки, юртимизда ундан жабр кўрмаган бирорта хонадон йўқ, десак, муболаға бўлмайди.
Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортмоқда. Шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани ҳам мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганини ифодалайди.
Фарғона вилояти Фарғона тумани Миндон қишлоғида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қорабой ота Тешабоев билан барча фахрланади. 101 ёшли бобо “Шукроналикда ҳикмат кўп”, деб бот-бот таъкидлайди. Ўзи ҳам шунга амал қилиб яшайди. Унинг хулосасига кўра, узоқ умр кўришнинг асл синоати ҳам шунда.
Мўъжазгина ҳовли. Яқин яқингача ҳам ҳовлидаги юмушларни ўзи бажарарди. Серҳаракат, серғайрат бўлганлиги боис 101 ёшда ҳам фикрлари теран, гаплари, дуолари жойида. Қорабой ота 1922 йилнинг 18 февралида Миндон қишлоғида туғилган. 1938 йилгача қишлоғидаги мактабда ўқиди. 16 ёшида кучга тўлган навқирон даврида меҳнатсевар бўлиб вояга етди. Ота-онасига хўжалик ишларида ёрдам бериб келаётган эди.
1941 йил уруш бошланганини эшитган Қорабой қишлоқдошлари қатори биринчилардан бўлиб жангга отланди.
– Бизни, – деб гап бошлади Қорабой ота суҳбатимиз чоғида, - урушга киришдан олдин ҳарбий тайёргарликдан ўтказишди. Қурол ишлатиш, жанг позицияларида қандай ҳаракат қилиш кераклигини ўқув машғулотларида ўргандик. Мен артиллерист бўлиб жангга кирдим. Бизнинг асосий вазифамиз душман танкларини яксон қилишдан иборат эди. Немис фашистларини ҳар бир танкини йўқ қилганда ғалабага бўлган ишонч ортарди. Бизнинг жасоратимиз туфайли пиёда аскарлар ҳужумга ўтиб, шаҳар ва қишлоқларни ишғол этарди.
Қорабой ота биринчи бор Сталинград остоналарида жангга кириб, Украина, Польша, Венгрия, Чехословакия давлатларини фашистлардан озод этишдаги жангларда мардонавор қатнашган.
– Айниқса, Будапешт шаҳри учун жуда оғир жанглар бўлган, деб эслайди Қорабой ота. Кўкрагидаги орден, медаллар ичида “Будапештни ишғол этгани учун”, “Вена шаҳрини озод этишдаги қаҳрамонлиги учун” каби медаллар ўрин олган. Қорабой ота уруш тугагандан кейин ҳам уч йил хизматни давом эттириб, 8 йил деганда она қишлоғига қайтиб келди. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилди. Нисохон она билан турмуш қуриб, бир ўғил беш нафар қизни тарбиялаб вояга етказди. Ўғли Абдуқаҳҳор, қизлари Зиропошшо, Иноятхон, Улуғой, Муножатхон, Манзурахон эл корига ярайдиган фарзандлар бўлиб улғайди.
Пиру бадавлат отахон доимо эъзоз ва ардоқда. Бугун набираю чевараси атрофида парвона. Муҳими, Қорабой ота ўтаётган ҳаётидан рози. Умрининг давомчилари келажагидан кўнгли тўқ. У буни чинакам бахтиёрлик сурури, деб билади.
М.Сулаймонов,
ЎзА