Хотира
Андижон давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира, публицист, олима, моҳир нотиқ, жамоатчи-ташкилотчи Турсуной Содиқова хотирасига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Кечирингиз, гулдиракдай феълларим учун,
Уйингизга яшиндайин тушдим, кечиринг.
Довулларим қуюнида қолдингиз бутун,
Бари ором, тинчингизни қувдим учириб.
Кечирингиз, баҳор янглиғ келдим, кетарман,
Бор гардингиз ювиб кетгум, қоладурсиз тинч.
Сизга қолур покиза ҳис, муаттар армон,
Изларимдан терадурсиз ям-яшил соғинч…
(“Кечирингиз” шеъридан).
Ана шундай гўзал сатрлар муаллифи, элимизнинг суюкли ва ардоқли ижодкорларидан бири Турсуной Содиқова агар ҳаёт бўлганида, бугун ўзининг қутлуғ саксон ёшини нишонлар эди. Ана шу сана муносабати билан Андижон вилоятидаги қатор таълим муассасаларида турли тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, уюшманинг Андижон вилоят бўлими ҳамда Андижон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба- ёшлар, шунингдек, Турсуной Содиқованинг шогирдлари, яқинлари, фарзандлари иштирок этди.
[gallery-17495]
Тадбир очилишида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев мамлакатимизда ижод аҳлига яратиб берилаётган кенг имкониятлар, устоз Турсуной Содиқованинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, ижодининг ўзига хос қирралари ҳақида гапирди, унинг бой ижодий мероси ёш авлод тарбияси, оилаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Устоз Турсуной Содиқова ўзига хос ижод мактабини яратган, кўпчиликни ўз ортидан эргаштира олган, бир умр оловдек ёниб яшаган, бетакрор ижоди, юксак инсоний фазилатлари билан эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор қозона олган фидойи ижодкорлардан бири эди.
Турсуной Содиқованинг илк шеърий тўплами 1978 йилда “Куй” номи билан чоп этилган бўлса, кейинчалик “Гул фасли” (1981), “Иқбол” (1984), “Дил гавҳари” (1985), “Излай-излай топганим” (1988), “Гиря” (1994) номли шеърий тўпламлари, шунингдек, “Меҳр қолур” (1997), “Ҳазрати аёл” (1998), “Ёнингдаги бахт” (1999), “Болам дерман” (2000), “Ўғлим сенга айтаман ва қизларга аталган сўзлар” (2002), “Келин бўлиш илми” (2003), “Куёв бўлиш илми” (2003), “Қайноналик илми” (2003), “Оға-инилик илми” (2003), “Ризолик излаб” (2004), “Яшаш тилсими” (2004), “Мураббий ким?” (2006), “Нозик савол” (2007), “Жаннатим онам” (2007) номли одоб-ахлоқ масалалари, оила муаммоларига бағишланган илмий, бадиий-фалсафий китоблари нашр этилган.
– Турсуной Содиқова ўз ижодида чин инсоний туйғуларни, миллий ғурурни, ватанпарварликни мадҳ этди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Айниқса, мустақиллик йилларида тинимсиз изланишлари туфайли қатор насрий асарлар яратиб, серқирра ижодкор эканлигини намоён этди. Асосий мақсади миллат аёлларига ҳамдард бўлиш, оилавий ришталарини мустаҳкамлаш, юртпарварлик, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш бўлган.
Устознинг қатор китоблари турли хорижий тилларга таржима қилинган.
Турсуной Содиқованинг ҳаёти ва фаолиятига оид лавҳалар акс эттирилган видеоролик намойиши тадбир иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳамидулло Болтабоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва шоир Абдунаби Бойқўзиев, Андижон давлат университети доценти Ҳалимжон Каримов Турсуной Содиқова ижодининг ўзига хослиги, улкан тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритди, шунингдек, шоира билан боғлиқ хотираларини баён этди.
Турсуной Содиқова оила илмининг ҳақиқий билимдони эди. Шу боис ҳам, ижодининг асосий қисмини ёшлар тарбияси, оилани мустаҳкамлаш, оила қадриятлари, миллатни, аёлни улуғлаш мавзулари ташкил этади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Жамилахон Шермуҳаммедова шоиранинг ана шу йўналишдаги ижоди, олиб борган хайрли ишлари, фидойилиги, ташкилотчилиги ҳақида тўхталди. Унинг бой ижодий меросини ўқиш, ўрганиш, тарғиб этиш тарбиявий, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
– Тадбирдан биз талаба- ёшлар улкан маънавий озуқа олдик, – дейди Андижон давлат университети талабаси Муқаддас Раҳимжонова. – Эл-юрт равнақи, миллат учун фидойи инсоннинг хайрли ишлари, қадри, қиммати ҳеч қачон унутилмаслигига Турсуной Содиқова хотирасига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром мисолида яна бир бор амин бўлдик. Бетакрор ижодкорнинг ҳаёти, ижоди, панд-насиҳатлари ёш авлод учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолаверади.
Тадбирда Андижон давлат университети филология факультети талабалари томонидан Турсуной Содиқова шеърларидан намуналар ўқилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган рақс ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.
Гуркирган қувончларим Сиз билан тўлди,
Сиз-ла тўлди бағримдаги титроқ дардларим.
Сизнинг билан оламим ҳам бир бутун бўлди,
Сизнинг билан тўлди ҳатто кўнгил гардларим.
Халқига, юртдошларига қарата айтган ушбу мисралари мисол Турсуной Содиқова қолдирган бой адабий мерос йиллар оша халқимизга, эзгуликка, келгуси авлодга хизмат қилаверади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари