Қутлов
– Бир яхши сўзингиз йўғ-а, дўстим. – Нуқул ишимдан ишкал топиб, танқид қилганингиз қилган, ёзғирди Фармон Тошев, бир куни навбатдаги аудитория ўқув машғулотидан сўнг.
– Сизга яхши сўз айтишим учун анча қовун пишиғи бор-да, ҳали.
Фармон Тошев астойдил ҳафа бўлса-да, бир оздан сўнг тингловчилар даврасида яна унинг қувноқ қаҳ-қаҳаси эшитилди.
– Болалар, нега энди дам олиш кунлари гўзал Тошкентимизнинг диққатга сазовор жойларига бормаймиз, - деб қолди ҳамиша самимиятдан сўз очувчи курсдошимиз Светлана Васильевна Даминова, - келинглар, бу гал телеминорага саёҳат қилайлик!
– Рост-да, болалар! Светлана тўғри айтаяпти,– таклифга қўшилда Доногул Жўраева, – талабалик – олтин давримиз бир пастда ўтади-кетади. Аммо томоша қилганимиз қолади.
Шундай қилиб, курсдошлар ўзаро келишиб, саёҳатга отландик. Аслида одамнинг кимлиги сафарда билинаркан. Фармон Тошев қувноқ ва ҳазилкаш йигит. Бир пасда ажойиб ҳангомалари билан ҳамманинг қўнглига йўл топди. Хуллас, саёҳат мазмунли ўтди, душанбадан яна қийин, машаққатли, аммо завқли машғулотларга тушиб кетдик.
– Кто из вас служил в армии?- деб қолди ҳарбий таълим ўқитувчимиз бир куни.
– Я, - дедим қўл кўтариб.
– Давайте с сегодняшнего дня вы будете мне помогать. Командуйте!
– Есть, товарищ майор. Рота становись! – буйруқ бердим.
Ҳамма сафга тизилди. Фармон Тошев шу ерда ҳам ҳазилини қўймади.
– Қаранглар, Шержон ҳаммамизни ноғорасига ўйнатаяпти.
– Разговорчики, ефрейтор Фарман Ташев! Объявляю вам два наряда вне очереди.
Бу гап курсдошлар ўртасида анча пайтгача кулгиларга сабаб бўлди.
Шу-шу олийгоҳдаги талабалик йилларимиз ҳам охирлаб борар, ҳаммамиз давлат имтиҳонларига жиддий тайёргарлик кўрар, кутубхонадан бери келмасдик. Бу орада амалиёт ўташ фурсати ҳам етиб келди. Иккаламиз Хоразмга – Фармон Тошев вилоят партия қўмитасига, камина “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари таҳририятига бордик. Қарийб бир ой давомида дўстимни бошқачароқ кашф қила бошладим. У анча жиддий бўлиши билан бирга, киришимли ҳам эди. Вилоят партия қўмитасида ўнлаб дўстлар орттирди. Ҳозир ҳам улар билан ўзаро борди-келдилари давом этмоқда.
Яқин дўстнинг чинакамига кимлигини билмоқчи бўлсанг, ўртадаги чинордек узоқдан разм сол дейишади машойиҳлар. Ҳақ гап. Ўтган йиллар мабойнида Фармонбек чинакам камолот йўлини босиб ўтди, ўсди, улғайди. Бунга унинг устозлари, яқин дўстлари пойдевор бўлди десам асло муболаға бўлмайди. Курсдоши, ҳамхонаси, табиатан оғир-босиқ, эндиликда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист мақомига эришган Абдулла ака Собиров Фармонбекка ўз укасидек қарар, халқаро сиёсатда, тартиб-интизомда, муҳими, самимийликда намуна бўларди.
– Сиздан ҳам миннатдорман оға, – деб қолди бир куни Фармонбек каминага. – Отадек улуғ инсон билан мени рўпарў қилдингиз. У киши – миллий матбуотимизнинг улуғ дарғаларидан бири Жаббор ака Раззоқов! Айнан устознинг тавсия-маслаҳатлари билан муштарийлар эътиборини қозонадиган даражадаги ўнлаб мақолаларимни ёзиб, юзага чиқардим.
Фармонбек камтарлик қилиб, ўттизга яқин бадиий китобларини нашр эттирганини айтмади. Энди мавриди келди, буларни камина айтади:
“Карнабчўл қўшиғи”, “Онанг тирик, болам!”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Сўз айтмоқ – саодат”, “Кўнгил билан суҳбат”... ва яна қанчаси китобхон халқимизнинг жавонидан ҳам, қалбидан ҳам жой олган.
“Дўст – икки танда яшаётган жон” дейди донишманд Арасту. Албатта, дўстнинг бахту камолини кўриш – бахт! Бугун етмишинчи бекатга бекаму кўст етиб келган Фармонбекка энди айтадиган яхши сўзларим бор! Аввало уни талабалик йилларидан кейин бошқачароқ кашф қила бошлаганим, қолаверса, у дўстларга, яқинларига меҳр-оқибатли. Сиз йўқламасангиз ҳам ўзи йўқлаб туради. Унинг бир оғиз кулгули сўзидан эрталабдан кечгача кайфиятингиз кўтарилиб, ишингизда унум бўлади.
– Оға, жонлимисиз инди, нишатиб ўтирибсиз? - дея сўрайди ҳар сафар.
– Йўқлаганингиз учун “Лазги”га тушажакман.
Гўшакдан унинг гулдурос қаҳ-қаҳаси эшитилади. Ҳар доим мана шундай. Қолаверса, ҳар куни ўзи юритаётган телеграм каналида юртдошларига саломга чиқади. Мана унинг қайдлари:
Муомала шиша идишга ўхшайди. Унда инсоннинг ички дунёси кўриниб туради;
Сукут – камтаринлик, аммо у лоқайдлик белгиси бўлиши ҳам мумкин;
Башараси қийшиқ одамга ёқмоқчи бўлсанг унга, қийшиқ ойна тут”.
Қулоқнинг эшитганини тил элга ошкор қилади, жабрини юрак тортади.
Фармон БЕК! Аввало, Сизга Ургут тоғларидек баркамоллик, боқий Самарқанддек сайқаллик, ижодингизга жўшқинлик ёр бўлсин! Ҳамиша давраларда гулдурос қаҳ-қаҳаларингиз жаранглаб турсин. Сиз ҳамма-ҳамманинг нигоҳидаги ижодкорсиз, ташкилотчисиз, жамоат ва давлат арбобисиз. Биз Сиз билан фахрланамиз.
Қалбингиз гул, қадрингиз баланд, сабрингиз метин, соғлигингиз шаффоф бўлсин. Сайқали замин руҳи доим Сизни қўллаб, унинг ўлмас меросини тарғиб қилишдан, шеър ёзишдан чарчаманг! Шоир ёзганидек:
Ёдингдами, дўстим сен туғилган кун,
Барча хандон эди, сен эса гирён.
Шундай яшагилки, кетар чоғингда,
Барча гирён қолсин, сен эса хандон.
Сизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром ила дўсту қадрдонингиз, Шержон МАШАРИПОВ