Навоий давлат университети Аниқ фанлар факультетида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан “Сиз қонунни биласизми?” номли беллашув ташкил этилди.
Ушбу тадбир мамлакатимиз Бош қонунининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини ёшларга янада чуқурроқ тушунтириш, талабаларда ҳуқуқий маданият ҳамда фуқаролик масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган бўлиб, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишда асосий қонун сифатида хизмат қилади. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устунлиги белгилаб қўйилган. Унга кўра, ҳар бир фуқаро тенг ҳуқуқларга эга, шахсий дахлсизлик, сўз ва фикр эркинлиги, таълим олиш, меҳнат қилиш ва ижтимоий ҳимояланиш каби асосий ҳуқуқлар қонун билан кафолатланган. Шу билан бирга, қонунларга риоя этиш, миллий қадриятларни ҳурмат қилиш ва Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги қайд этилган.

Айнан мазкур қоидаларни ёшларга содда ва тушунарли тарзда етказиш, уларда ҳуқуқий онгни мустаҳкамлаш беллашувнинг асосий мақсадларидан бири бўлди. Тадбирда талабалар қонунчилик асослари бўйича берилган саволларга жавоб бериш жараёнида ўз билимлари ва мантиқий фикрлаш қобилиятини намоён қилди. Улар ҳуқуқий тушунчаларни амалиётда қўллаш, қонун нормаларига таянилган ҳолда вазиятларни таҳлил қилиш, ўз фикрларини аниқ ва асосли баён этиш кўникмаларини намойиш этди.
Тадбир сўнггида фаол иштирокчилар алоҳида рағбатлантирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири