Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида танлов бўлиб ўтди.
Унда Тарих факультетининг 1-курс талабаларидан тузилган жами 7 та жамоа иштирок этди.
Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами билан қутлади ва иштирокчиларга омад тилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда талабаларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, ҳуқуқий саводхон, мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш, инсониятга ёт иллатларга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, шунингдек, ёшларнинг янгиланган Конституция бўйича билимларини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловда “Ёш демократлар”, “Ёш прогресслар”, “Адолат”, “Юстиция”, “Фемида”, “Демократлар”, “Турон” жамоалари саломнома, савол-жавоб ва саҳна кўриниши каби шартлар бўйича ўзларининг конституциявий билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишди.

Жамоаларнинг ҳар бир шарт бўйича саҳна чиқишлари ва саволларга берган жавобларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боришди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Барча иштирокчи жамоаларга институт ректорати, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур олий ўқув юртида Конституция кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири