Жамиятда турли ҳодисалар орқали жароҳат олганлар, шунингдек, гематологик, онкологик касалликлар билан курашадиган инсонлар учун қон, унинг таркибий қисмлари ҳамда ундан тайёрланадиган дорию препаратлар ўта муҳим. Донорлар беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлардир. Чунки улар қонга муҳтож, минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун аҳолининг ҳар 1000 кишидан 10 нафари ёки бир фоизи қон топшириши керак.
Олти йилдирки, “Адолат” партияси ташаббуси билан 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этиб келинади.
Акция жорий йилнинг 1 декабрь куни соат 9:00 дан – 16:00 гача Республика қон қўйиш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида ўтказилиши режалаштирилган. Акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларнинг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ҳам қамраб олади.

Ўтган йиллар давомида мазкур акцияда кўплаб ватандошлар иштирок этган. Улар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар билан биргаликда партия ходимлари ҳам бор.
Белгиланган тартибга кўра, қон топширадиган, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган кунлар учун донор, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда, ишдан озод қилинади. Донорнинг соғлиғи сақланиши тиббиёт ходимлари томонидан кафолатланади ҳамда соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланади.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, давлат раҳбарининг 2022 йил 9 августдаги “Республика қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур асосида қон қуйиш станциялари фаолияти такомиллаштирилмоқда, замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА