Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиз кимга ёки нимага суянасиз?
12:56 / 2022-08-18

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

– Бу болага ҳеч гап уқтириб бўлмаяпти-да, ҳар икки гапнинг бирида Тошкентга бориб ўқийман, ўша ерда яшайман, деб туриб олган, – дейди қўшнимиз, ёши етмишлардан ошган отахон ёнида турган набирасидан ёзғириб. – Шу ерда ҳам ўқиб, ишласанг бўлади, насибангга яраша топасан, десам кўнмайди. Тошкентда бир суянчиғинг бўлмаса, кимни орқа қилиб борасан? Тўғрими гапим? Мана, сен ҳам неча йилдан буён шаҳарда ишлаяпсан, қўллайдиган бирорта одаминг бўлмаса қийин.  
Отахон шундай деб менинг оғзимга қарайди, гўёки набираси мени гапим билан аҳдидан қайтиб қоладигандек.  

– Ўзининг бирор режаси, мақсади бордир-да, бобо. Ҳозирги ёшлар бекорга бир қадам ташламайди. Балки суянадигани ҳам бордир, – дейман қўшнимизни тушириш учун ва ҳозир қўйиб юборса учиб кетадиган қушдек ғайрати жисмига сиғмай турган набирага қарайман.  

– Менам шуни айтяпман-да, ака. Одамим йўқ деб қишлоқда юравераманми, ўзим ўқийман, ишлайман, йўлимни топаман. Чет тилидан сертификатим бор, ўқишга киришим деярли нақд. Бобом Самарқандда ўқийсан, кўзимизнинг олдида юрасан деб туриб олган. Мен эса Тошкентга, кейин хорижга бориб ўқишни, ишлашни хоҳлайман. Қачонгача қўллайдиган, суянадиган одамим йўқ, деб уйда ўтиравераман? Балки кейинчалик ука ва жиянларим учун ўша суянч мен бўларман... 

Кечагина кўча чангитиб, ўйинқароқлик қилиб юрган, бугун эса бўйи баробарида ақл фаросати ҳам ўсган 17-18 ёшлардаги йигитнинг гапларини эшитиб, ҳайрон қоламан. Бир томондан, ўзининг фикри борлиги, гапини айта олгани учун унга ҳавас ҳам қиламан. Қандай яхши, улғайиб ота-онасига суяниб қолмасдан ўзи ҳаётда йўлини топишга ҳаракат қиляпти, нафақат ўзининг укаларининг ҳам келажагини ўйлаяпти. Кейин қўшнимизга ҳозир каттароқ таниш-билиш, орқасида кимдир бўлиши керак, деган гап аҳамиятини йўқотгани, билимли ва ҳаракатчан бўлса, яхши жойларда ишлаши мумкинлигини айтаман.  

Қишлоғимиздан чиққан, ҳозир турли жойларда ишлаб юрган бир-иккита ёшларни мисол қилиб келтираман. “Сиз оқ фотиҳа бериб, дуо қилиб тураверинг, насиб этса, катта одам бўлади набирангиз”, дейман. Отахон бироз хотиржам бўлса-да мендан ўзи кутган гапни олмагани учун бироз ўйланиб “майли, ота-онаси билан яна бир маслаҳатлашиб кўрамиз” деб бобо-набира етаклашиб уйи томон кетди.  

Ўйлаб қоламан. Турмуш тарзимиз шундайми ёки ишонч бўлмайдими, боламиз улғайиб, оқ-қорани танигандан кейин ҳам мустақил қарор қабул қилишига, ўз ҳаётини ўзи қуришига кўпам рўйхушлик билдирмаймиз. Балки ота-оналик меҳри, масъулияти устун келгани учун ёки фарзандимиз ҳаётда қоқилмаслиги, тўғри йўлдан адашмаслиги учун шундай йўл тутармиз. Яна ўзимиз фалон давлатда болалар мактабни битиргандан кейин мустақил яшар экан, ўзи ўқиб, ишлаб, ўз йўлини топаркан, деб ҳавас қиламиз. Лекин ўзимиз боламизга ана шундай имконият яратиб беришга интилмаймиз. Бунга ҳар доим ўзимизга сабаб ва баҳона топамиз. Уларнинг йўриғи бошқа, деб қўямиз яна ўзимизни юпатиб (балки алдаб).  

Ҳозир бундай ҳолатлар бироз камайган, аммо яқин йилларда шундай эди-ку – фарзанди мактабни битираётган ота-она боласини ўқишга киритиб қўядиган одам изларди. Таниш-билишлари, дўстларини орқа қилиб, уларнинг олдига борарди – ҳамма нарсага тайёрман, болам ўқишга кирса бўлди. Фарзанднинг ўқишга қизиқиши борми-йўқми, ўзи истайдими шу йўналишда ўқишни – бу аҳамиятсиз. Ўша таниш, “танка” талаба ўқишни битиргунча унга суянч бўлади, уни қўллаб юради. 

Ўқишни битиргандан фарзандни ишга киритиш учун суянч излайди. Шундай одам топилса, бир ташкилотда “таниш-билиш” ортидан ўқиб, ишга жойлашган мутахассис пайдо бўлади. Ота-она биз ўз бурчимизни бажардик, деб хотиржам бўлади. Аммо 25-30 ёшгача фақат суянч билан яшаган, ўқиган ва энди ишлаётган фарзанднинг ҳаётда ўз йўлини топиб олиши осон бўлмайди. У бир умр кимнингдир ёрдами билан ишлашга, яшашга ўрганиб қолади. Бундан ҳам ёмони, “суянч” мансабдан кетса ёки иши ўнгидан келмаса, ишонинг, у қўллаб юрган “соя”лар ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Янги суянч топгунича эса умр ўтиб кетиб қолади ёки яна кимларнингдир соясига айланади. 

Бугун қўшнимизнинг ўғлидек фикрлайдиган, ҳаракат қиладиган ёшларни кўрсам одамлар ўзгаряпти, ёшлар ўз келажагига бефарқ эмас, деб уларга ҳавас қиламан. Ўзи пул топиб ўқиётган, оила қураётган, ҳаётда ўз йўлини топиб, кейин оила қуришга интилаётган ёшлар кўпаяётганидан хурсанд бўламан. Улар учун ота-онасининг тўғри таълим-тарбияси, ҳаёт сабоғини бергани ўзи катта суянч.  

Ҳаёт – мисли катта уммон. Ота-она унда сузишни, ҳаёт кечиришни ўргатади. Лекин бир умр ёнингизда бўлмайди. Худди шундай ҳар қандай суянч, таянч ҳам ярим йўлда қолиб кетиши, ўзингиз ҳаракат қилмасангиз, интилмасангиз сузишингизга ёрдам беролмаслиги мумкин. Ана шундай пайтда бу уммонда тўхтаб қолмаслик, адашмаслик учун ўзингиз узоқ манзилларни кўзлаб мустақил, маҳорат билан сузишингиз керак.  

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА