Мазкур номдаги лойиҳа доирасида Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда ФҲДЁ органлари мудиралар кенгаши вакиллари навбатдаги сафарга чиқди.
Бу галги манзил вилоятнинг Чироқчи туманидаги чекка ҳудуд саналган, туман марказидан 80 километр узоқликда жойлашган Чорвадор ва Тошли маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Мутасаддилар ҳудуд аҳолисининг соҳага алоқадор муаммоларига ечим излади. Аксарият муаммолар жойида ҳал этилди.
Хусусан, Чироқчи туманида яшовчи Адҳам Казимов ва Матлуба Алланазарова бир неча йилдирки никоҳ гувоҳномаси йўқлиги учун турли қийинчиликларга дуч келаётган эди. Уйланмоқчи бўлганда шароит оғирлиги учун қонуний никоҳдан ўтмаганлиги боис, икки фарзандига туғилганликни қайд этишни ҳам имкони бўлмади. Орадан йиллар ўтиб, болалари улғайиб мактаб ёшига етганида фарзандларининг ҳужжатларини тўғрилашга киришди. У дастлаб, туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат батафсил ўрганилиб, фуқаронинг фарзандларига туғилганлик гувоҳномаси, ўзига эса никоҳ гувоҳномаси расмийлаштиришга киришилди.
Мудиралар кенгаши ташаббуси билан фуқаронинг хонадонига борилиб, эр ва хотиннинг никоҳ гувоҳномалари ва 2 нафар фарзандининг туғилганлик гувоҳномалари шу жойнинг ўзида тақдим этилди.
Шунингдек Чироқчи тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан яна бир оиланинг икки нафар аъзосига муддати ўтган туғилганлик гувоҳномаси ёзиб берилди. Тошли МФЙ да истиқомат қилувчи Фотима ва Зуҳра Суяровалар ҳам 13 йилдан бери ҳужжатсиз эди. Ота-онасининг бефарқлиги сабаб вақтида қизларга ҳужжат олинмади. Энди, Фотима ва Зуҳра Суяровалар ҳам юртимизда яратилган кенг имконият ва қулайликлардан фойдалана олади.
Таъкидлаш лозимки, соҳада “Сиз келманг – ўзимиз борамиз”, “Сиз қаерда бўлсангиз биз ўша ерга бориб, хизмат қиламиз”, “Ўзимиз келдик” каби сайёр давлат хизматлари кўрсатиш бўйича янги-янги лойиҳаларни ҳаётга жорий этилаётгани аҳолига қўшимча имконият ва имтиёзлар яратмоқда. Энг муҳими, сайёр давлат хизматлари кўрсатиш орқали аҳолининг қимматли вақти, маблағи тежалмоқда, иши осон битаётир.
Ўлмас Баротов, ЎзА.